Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Норин туманига ташриф буюриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Норин туманига ташриф буюриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.
«Қўшариқ» маҳалла фуқаролар йиғини Чегара кўчасида истиқомат қилувчи Насиба Рустамованинг қарамоғида қизи ва 3 нафар набираси бор. Кам таъминланганлар рўйхатида туради. 6 сотих ҳовлида 2 оила истиқомат қилаётган бўлиб, 2016 йилда хонадонда рўй берган ёнғин натижасида оила жиддий талофат кўрганди. Пандемия даврида ушбу оилага ҳомийлар ва МФЙ томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Зарар етган уй туман прокурорининг ташаббуси билан маҳалла фаоллари ва ҳомийлар кўмагида қайта тикланмоқда. Н.Рустамованинг кенжа набираси соғлиғида жиддий нуқсонлар борлиги сабаб унга ногиронлик пенсияси тайинланган.
Вилоят раҳбари кўрсатмасига биноан ногирон фарзандига қараётганлиги боис онага ҳам нафақа тайинлаш масаласини кўриб чиқиш топширилди. «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида ушбу хонадонга 1 бош қорамол кредит асосида ва 10 та товуқ субсидия тариқасида тақдим этилди. Шунингдек, «Саховат ва кўмак» ҳаракати ташкилотчилари томонидан 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади.

Тўлқин маҳалласи Мустақиллик кўчасидаги 20-уйда Қодиржон Зокиров 12 нафар оила аъзоси билан яшайди. Оиладаги муқаддам жиноят содир этган ота-бола суд тартибида афв этилиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган эди. Хонадон эгаларига сектор раҳбари кўмагида 20 сотих ер майдони томорқа сифатида берилди ҳамда новвойчилик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашилди. Кредитга 2 бош қорамол, субсидия асосида эса уйига иссиқхона қуриб берилди.
– Баъзилар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали моддий қийинчиликни ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди, деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Бу бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди. Камбағалликни камайтириш, аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганиш, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатиш лозим.

