Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади “ижтимоий давлат” тамойили асосида янги Ўзбекистонни яратишдан иборат.
Кейинги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимоя соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори оширилди. Шу билан бирга, қўшимча ресурслар ҳам жалб қилинмоқда ва ижтимоий ҳимоя дастурлари қамрови кенгайтирилмоқда.
Хусусан, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди.
Конституциянинг 46-моддасига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
Ушбу конституциявий ҳуқуқ фуқароларнинг энг муҳим ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларидан бири сифатида давлатимиз томонидан ҳар томонлама кафолатлаб қўйилган.
Шуни ҳам эътироф этмоқ жоизки, 2024 йил 1 январдан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлашнинг амалдаги тартибига қўшимча равишда, уларнинг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.
2025 йил 1 мартдан бошлаб эса фуқароларга ёшга доир пенсияларни “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида белгиланган (эркаклар 60, аёллар 55) ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.
Шу ўринда, дунё бўйича, ҳатто МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик пенсия ёши бизнинг мамлакатимизда қонунан белгилаб қўйилганлигини эслатиб ўтиш лозим, деб ҳисоблаймиз. (Масалан, пенсия ёши Бразилия, Буюк Британия, Польша, Грузияда эркаклар учун – 65, аёллар учун – 60; АҚШда эркакларга ҳам, аёлларга ҳам – 65, Японияда эркаклар ва аёллар учун бир хилда 70; Қозоғистонда эркакларга – 63, аёлларга – 58; Россияда эркаклар учун – 65, аёллар учун – 60 ёш қилиб белгиланган).
Айни пайтда аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар ахборот тизими орқали қабул қилинмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилаларни кам таъминланган деб эътироф этиш, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда маълумотнома олиш учун электрон кўринишда ариза тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатилмоқда.
Ариза берувчи ўзи бориб мурожаат қилган тақдирда унга давлат хизматлари маркази ходими бевосита ёрдам беради.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда эса белгиланган шаклда электрон сўровнома тўлдирилади.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи тўлдирилган ҳамда идоралараро ахборот алмашинуви тизими орқали олинган маълумотларни, шунингдек, ўзининг оила аъзолари, шу жумладан, 18 ёшга тўлган оила аъзолари тўғрисидаги маълумотлар тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.
Бунда ариза берувчи томонидан унинг оила аъзолари тўғрисидаги маълумотларда ноаниқликлар ва хатоликлар аниқланганда, ушбу ҳолатлар ариза берувчи томонидан тегишли орган билан биргаликда 3 иш куни ичида бартараф этилади.
Сўровнома давлат хизмати олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 26-санасига қадар тасдиқланиши лозим. Бунда юқорида кўрсатиб ўтилган муддатдан кейин берилган аризалар белгиланган тартибда кейинги ойда кўриб чиқилади.
Ариза берувчи томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши, уни тасдиқлашнинг рад этилиши учун асос бўлади. Аммо бошқа асослар бўйича давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш тақиқланади.
Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза берувчи томонидан юбориладиган сўровнома тасдиқлангандан сўнг “Ягона реестр” ахборот тизимига электрон шаклда юборилади. Сўровнома “Ягона реестр” ахборот тизими томонидан қабул қилинади.
“Ягона реестр” ахборот тизими томонидан, мазкур қарор билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган мезонларга асосан оилани кам таъминланган деб эътироф этиш, ижтимоий нафақа тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш ва кўриб чиқиш учун кейинги ойга (кутиш рўйхатларига) ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Давлат хизматини кўрсатиш натижаси ариза берувчининг сўровномада кўрсатилган уяли телефон рақамига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборилади. Бундай тизимнинг жорий этилиши ортиқча оворагарчиликларга чек қўйди.
Буларнинг барчаси янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган янги шарт-шароитларни яратилаётганининг ёрқин далилидир.
Хуршида БУРҲОНХЎЖАЕВА,
ТДЮУ доценти, юридик фанлар номзоди.
ЎзА