Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар қўллаб-қувватланмоқда
12:31 / 2023-08-11

Навоий давлат педагогика институтидаги “Қатағон қурбонлари” музейида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқарувининг биринчи ярим йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди. Унда аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз кексалар, чин етимлар, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бўлган оилаларга ёрдамлар кўрсатилган.  

– Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 7650 нафар эҳтиёжманд фуқарога 14,6 миллиард сўм турли ёрдамлар кўрсатилди, – дейди “Маҳалла” жамоат фонди вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Жумладан, 3009 нафар фуқарога моддий ёрдам берилган бўлса, 2058 нафар фуқарога (оилага) озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди. 123 нафар фуқарога дори воситалари хариди учун, 479 нафар эҳтиёжманд фуқароларнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиёти ҳамда бошқа мақсадлар учун маблағлар йўналтирилди.  

Шунингдек, жорий йил Рамазон ойида 330 та маҳаллада 43 минг 945 нафар фуқаро иштирокида ўтказилган ифторлик дастурхони учун 2 миллиард 937 миллион сўм маблағ сарфланди. 9200 нафар мактаб ўқувчиларининг театрларга ташрифи учун чипта пуллари тўлаб берилди. “Ёшлар – келажак бунёдкори” лойиҳаси доирасида Хатирчи тумани “Кўксарой” маҳалласида “Street workout” спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг 36 нафарини ёзги оромгоҳларда соғломлаштириш учун тегишли тартибда маблағ ажратилди.  

Йиғилишда “Маҳалла” фонди томонидан келгусида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган ёрдамлар кўламини ошириш тўғрисида сўз борди.  

А.Бўриев,  

ЎзА