Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамиятимизнинг турли соҳаларида фаол иштирок этиши учун барча шароит яратиб берилмоқда.
Навоий шаҳридаги 36 та маҳаллада аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда 22 нафар ижтимоий ходим иш олиб бормоқда. Улар томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли вакиллари хатловдан ўтказилиб, касб-ҳунар эгаллашга қизиқиши бор фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда.
– Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг, оилаларнинг фарзандлари 46 турдаги касб-ҳунарга ўқитилмоқда, – дейди Мономарказ ходими Муҳайё Раҳматова. – Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 40 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанди бепул ўқитилди. Бундан ташқари, бизда сурдо - имо-ишора тили курси очилди. Бу курсда 12 нафар фуқаро ўқитилиб, уларга сертификатлар берилди.
Хатлов давомида оилаларнинг фарзандлари қизиқиши ҳам ўрганилиб, улар қизиқишларига қараб Мономарказда ташкил этилган ўқув курсларига йўналтирилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L0Blzq8FP4E" title="Ijtimoiy himoyaga muhtojlar kasb-hunarga oʻqitilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Маҳалламиздаги ижтимоий ходим сўровнома ўтказганида мен бухгалтерия соҳасига қизиқишимни айтгандим, – дейди Ишонч маҳалласида истиқомат қилувчи Фарангиз Пирназарова. – Улар менга Мономарказга йўлланма беришди. Мен ҳозир ушбу йўналишда бепул таҳсил олмоқдаман. Дарслар жуда қизиқарли ўтилмоқда. Бизга шунчалик шароитларни яратиб бераётганлиги учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Эслатиб ўтамиз: Навоий шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида меморандум имзоланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири