Мамлакатимиздаги ислоҳотлар самарали бўлиши учун барча жабҳада ёшлар иштирокини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Турли лойиҳалар, янгиликларнинг барчаси ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм олиши, ўз устида ишлаши учун қулай шароитлар яратиб беришга қаратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 август куни тубдан ислоҳ этилган янги тизим, тартиб ва ёндашувларга асосланган иқтисодий фаолликни янада самарали таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказган эди. Унда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаси асосий масалалардан бири сифатида ўрганилиб, ушбу мақсадни тизимли амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда жорий этилган махсус дафтарлар, рўйхатлар шакллантирилиб, ҳар бири билан янгича тизим, тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланган эди.
Биргина “Ёшлар дафтари” ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базасидир.
Ушбу дафтарга 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган: ижтимоий ҳимояга, иқтисодий, психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, ишсиз ёшлар киритилади.
Ана шундай ёшлар қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашишга хизмат қилади. Хусусан, ёшлар дафтарига аҳолининг мазкур қатламини киритиш тегишли тартибда, уларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ишчи гуруҳ ходимлари ва фаоллари томонидан ҳар ярим йилда камида бир маротаба, ярим йиллик тугаганидан сўнг кейинги ой давомида уйма-уй юриш орқали ҳамда ёшларнинг ўзлари томонидан юборилган мурожаатларга асосан кўриб чиқилиб, амалга оширилади.
Қолаверса, Олий таълим тизимида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга шароитлар яратиб бериш мақсадида 2021 йил 23 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 450-сонли қарорига асосан контракт тўловлари “Темир дафтар”даги оила фарзандлари билан бир қаторда “Ёшлар дафтари”даги ёшларга ҳам берилиши белгиланди.
Шу билан бирга, бир қатор олий таълим муассасаларида, хусусан, Тошкент давлат юридик университетида Ёшлар ишлари агентлигининг Юнусобод туман бўлими ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган, мазкур университетнинг “Темир”, “Аёллар” дафтарларига тушган оила фарзандларининг белгиланган контракт суммасини тўлаб бериш ташаббуси билан чиққан.
Ҳар бир ислоҳот, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган. Ёшларга оид давлат сиёсатининг очиқлик ва шаффофлик, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги, ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги принципларига асосланган ягона тизимда олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга. Мустақил Ўзбекистоннинг тараққиётида ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг илм олишига янада кенгроқ имкониятларни яратиб бериш юксак натижаларга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Миразиз Рауфов,
Тошкент давлат юридик университети Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА