Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар доимо эътиборда
13:25 / 2022-05-21

Ўзбекистон тараққиётнинг янги йўлидан дадил юриб бормоқда, демократик, эркин ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари шиддат билан кечмоқда.

Халқимизни тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш энг юқоридан то қуйи давлат идораларигача бўлган бутун бир тизим фаолиятининг бош мезонига айланган.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, халқ давлатнинг бирдан бир манбаи эканлигини амалда таъминлаш, давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, модернизациялаш ва диверсификация қилиш, жаҳон савдосига тенг ҳуқуқлар асосида қўшилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, сармоявий жозибадорликни ошириш ва таълим тизимини чуқур ислоҳ этиш орқали уни тараққиёт локомотивига айлантиришга киришилди.

Президентимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласига алоҳида тўхталиб, “...агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради.”, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг бош ижрочиси ҳам биз ўзимиз, Ўзбекистон фуқаролари. Ислоҳотлар натижаси ҳам бевосита фуқароларимиз ҳаётини фаровон этишга хизмат қилади. Бу жараёнда юксак билим ва салоҳиятга эга кадрлар ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқади. Узлуксиз, сифатли таълим тизимигина айнан шундай кадрларни етказиб бера олади. Сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичлари, жумладан, олий таълим тизимини янада юқори даражага кўтариш, мустақил фикрловчи, билимли кадрларни тайёрлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада айниқса,  хотин-қизларнинг олий таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратиш, таълим олиш жараёнида уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларига алоҳида мезонлар асосида хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилганлиги ҳам фикримизга бир мисолдир.

Президентимизнинг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” қарори ҳамда 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” фармонига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул квоталари  ажратилганлиги, шунингдек, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат гранти миқдори икки баробарга оширилди.

Қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома беришда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган оилаларда вояга етаётган  ҳамда “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилди. Танловда иштирок этиш учун тавсияномани қўлга киритган кўплаб хотин-қизлар ушбу имкониятдан фойдаланиб, талаба бўлиш бахтига сазовор бўлди.

Ўтган йили ана шундай имтиёз асосида ўқишга кириш учун Андижон вилоятидаги 1 минг 783 нафар хотин-қизга тавсиянома берилган бўлиб, уларнинг 184 нафари мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Жумладан, Андижон давлат университетининг бакалавирият таълим йўналишларида 37 нафар талаба имтиёзли равишда таҳсил олиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021-2022 ўқув йилидан тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг 100 нафарини вилоят ҳокимликлари ҳамда молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.

Юқорида қайд этилган қарор ҳамда белгиланган тартиб ижроси доирасида  вилоятдаги олий таълим муассасаларига қабул қилинган 120 нафар хотин-қизнинг тўлов-контракт пуллари вилоят ҳокимлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Тўлов-контракт пуллари тўлаб берилган 79 нафар талабанинг отаси, 12 нафарининг онаси вафот этган, 5 нафари чин етим, 4 нафари эса боқувчиси йўқ муҳтож аёллардир.  Университетимизда ана шу тоифадаги талаба қиз-аёлларимизни таҳсил олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун зарур барча шароитлар яратиб берилган. Уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.

Акрамжон ЮЛДАШЕВ,
Андижон давлат университети ректори, профессор.
ЎзА