Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан “2025 йилнинг 6 ойи давомида ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ёндашув асосида кўрсатилган профессионал ижтимоий хизматлар ҳамда протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш соҳасида муҳим ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда таъкидланганидек, юртимизда инсон қадрини юксалтириш, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий хизматлар маҳалла даражасигача туширилиши натижасида ўтган давр мобайнида вилоятдаги 90 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламдаги шахсларга тегишли тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорига асосан протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш соҳасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
[gallery-24089]
– Ҳукумат қарорида давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез мосламалари ва реабилитация воситаларининг рўйхати 30 тадан 38 тагача кенгайтирилди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Бафоев. – Янги киритилаётган протез мосламалари ва реабилитация воситаларига шахсларнинг муҳтожлигини аниқлаш бўйича тиббий кўрсатмалар тасдиқланди. Эндиликда, шахснинг тиббий ҳолатига асосан протез ва реабилитация воситасига муҳтожлиги врач ёки эксперт комиссияси томонидан аниқланади. Шунингдек, “Инсон” марказлари биноларида тадбиркорлар томонидан реабилитация воситалари таъмирланиб, қайта фойдаланиш тартиби жорий қилинди. Ҳисоб-китобларимизга кўра, янги турдаги реабилитация воситаларига йиллик 21,9 минг нафар эҳтиёж кутилмоқда. Бунга қўшимча 68,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Ҳукуматнинг жорий йил 18 июндаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш учун ваучер бериш ҳамда ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз юритилди.
Эндиликда ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларга “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида белгиланган ижтимоий хизматлардан фойдаланиш учун ваучер берилади ва ижтимоий хизматлар кўрсатилади. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ижтимоий хизматдан фойдаланиш истагида бўлган шахс ёки унинг вакили мурожаатига асосан уларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжлари баҳоланади ва тегишли ижтимоий хизмат паспортида белгиланган мезонларга мос бўлган тақдирда “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ваучер шакллантирилади.
Тадбир сўнггида бир қатор ОАВ вакилларига бошқарманинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари