Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар доимий эътиборда (+видео)
13:39 / 2025-05-31

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Хатирчи тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ёндашув асосида кўрсатилган профессионал ижтимоий хизматлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, Агентликнинг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилган эди. 

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ягона тизимга жамланиб, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар ягона дастур доирасида мувофиқлаштириб борилмоқда. 

[gallery-23678]

Ҳозирда Навоий вилоятида мавжуд 11 та “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида 100 дан зиёд ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, марказларда психолог хизмати, ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт маслаҳатчилар, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

ОАВ вакиллари ва блогерлар Хатирчи тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг янги биносида ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 

Бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жойларда ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари инсон манфаатларини ҳимоя қилишда якдил кўмакчига айланиб улгурди. Маҳаллалар даражасида аҳолига индивидуал ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш орқали кўплаб оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларимизнинг ижтимоийлашувига эришилмоқда.

Фойдаланишга топширилган янги бинода ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, пандуслар, Брайл алифбосидаги ёзувлар ҳамда шинам ва ёруғ хоналар мавжуд. Шунингдек, марказда психолог хизмати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

– Ушбу биномиз фойдаланишга топширилгандан кейин фуқароларимизга кўрсатилаётган хизматлар сифати янада ошди, – дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Алишер Баҳриддинов. – Ҳар бир йўналиш бўйича ташкил этилган хоналаримиз кетма-кетликда жойлашган бўлиб, керакли тартибда жиҳозланган. Фуқароларимизни қабул қилиш учун барча шароитлар яратилган. Мурожаат қилиб келган фуқаро имкон қадар ўз ишини ижобий якунлаб кетади. Хизматлар тури 123 тани ташкил этиб, ҳозирда аҳолига 105 та хизмат турини кўрсатмоқдамиз. 

Хатирчи туманидаги маҳаллаларда комплекс хизмат кўрсатувчи 70 нафар ижтимоий ходимлар томонидан жами 1459 та кейс (ижтимоий иш) очилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 1392 таси бўйича ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, фуқароларнинг оғири енгил бўлди.

Пресс-тур якунида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Ражабов ва туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази масъуллари ОАВ вакилларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарди. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/aheku4duJD8?si=XXUss7IVP5DaS9v1" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари