Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дон тарқатилмоқда
08:14 / 2024-06-19

Сурхондарё вилоятида Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга бепул буғдой берилмоқда.

Сурхондарёликлар дони борнинг нони бор, деган эзгу ниятда ғалла майсаларини ўзгача меҳр билан парваришлайди. Шу боис воҳада ҳар йили дон сероб бўлади. Жорий йил вилоятда 2 минг 278 фермер 89 минг 300 гектар майдонда бошоқли дон етиштириб, мўл ҳосил тўплади. Қисқа кунларда дон корхоналарига 210 минг 246 тонна дон сотилди. Шартномавий режа мамлакатимизда биринчи бўлиб, ортиғи билан бажарилди. Ўрим-йиғим қизғин давом этаётган воҳада ҳар гектар ҳосилдорлиги ўртача 94 центнерга етказилиб, мавжуд майдонлардан 840 минг тонна сара дон олиш мўлжалланмоқда.

Илғор фермерлар режадан ортиқ етиштирилган ҳосилнинг бир қисмини эҳтиёжманд оилаларга бепул бериб, уларнинг қалбига саховат нурларини сочаётир.  

Ангор туманида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож юз оиланинг ҳар бирига 200 килограммдан буғдой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.  

Тадбирда туман ҳокими Қосим Мардонов, вилоят ҳокими ўринбосари Зулхумор Хидирова иштирокчиларни муборак Қурбон ҳайити билан табриклаб, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз юритди. Ҳеч ким давлат эътиборидан четда эмаслигини таъкидлади.  

Фермерлар ҳиммати билан рўзғорларига дон тўкилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг вакиллари юртимизга тинчлик, хонадонларга тўкинлик, миришкорларимизнинг деҳқончиликларига қут-барака тилашди.  

Вилоятда эҳтиёжманд оилаларни бепул дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири