Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида “Соғломлаштириш ойлиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида Жалақудуқ тумани ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда камбағаллик реестрида турувчи аҳоли вакиллари учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Жалақудуқ педагогика коллежида ташкил этилган тиббий кўрикда касалликларни эрта аниқлаш, соғломлаштириш тадбирлари, скрининг кўрувлари амалга оширилди.
Вилоят даволаш муассасалари, ихтисослаштирилган тиббий марказлар, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг тажрибали шифокорлари, тор соҳа мутахассислари жалб этилган ҳолда ўтказилган кўрикда фуқароларнинг саломатлиги УЗИ, ЭКГ, флюорография ва лаборатория жиҳозлари орқали текширувлардан ўтказилди.
Кўрик давомида турли касалликлари борлиги аниқланган бир гуруҳ фуқароларга даволаниши учун йўлланмалар, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
– Туғма сон суягининг чиқиши ташхиси билан даволаниб келаман, – дейди Қорағул маҳалласи, Шеробод кўчасида яшовчи, 3-гуруҳ ногирони Шавкатбек Зокиров. – Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтганимдан сўнг травматолог тавсияси билан менга туман тиббиёт бирлашмасида ётиб даволанишим учун йўлланма берилди.
Шунингдек, кўрик жараёнларида соғлом турмуш тарзинитарғиб этиш, соғлом овқатланиш, меъёрдан ортиқча туз ва шакар истеъмолининг зарарли оқибатлари, қандли диабетнинг олдини олиш бўйича суҳбат ҳамда мулоқотлар ўтказилди, “Саломатлик майдончаси”, “Соғлом овқатланиш ярмаркаси” ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш бўйича машғулотлар ўтказилди, буклетлар тарқатилди.
[gallery-23283]
Тиббий кўрик ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва камбағал оилалар вакилларининг саломатлигини мустаҳкамлашга, тиббий саводхонлигини оширишга хизмат қилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари