Ангор туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси, “Аёл ва шодлик” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ангор тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази Ангор, Шеробод, Музработ туманларида яшайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун очиқ мулоқот ташкил этди.
Учрашув Франциянинг “Acted” техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги ҳамда Швейцария ҳукумати молиялаштираётган “Марказий Осиё, Ўзбекистонда зўравонлик хавфи остида бўлган ва зўравонликка учраган аёлларни қўллаб-қувватлашда фуқаролик жамияти салоҳиятини кучайтириш” лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни касбга йўналтириб, бандлигини таъминлашга қаратилди.
Очиқ мулоқотда кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кенг имконият яратилиб, ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ошгани ҳақида атрофлича сўз юритилди. Молия муассасаларининг имтиёзли ва микрокредитлар ажратиш тартиблари, шартлари, қишлоқ жойларда яшайдиган ишсиз аёлларни ишга жойлаштириш хусусида фикр алмашилди. Ўзини-ўзи банд қилганлар учун имтиёзлар, юридик ва жисмоний шахслар учун солиқ тўловлари ҳамда солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари тўғрисида маълумот берилди.
Мазкур лойиҳа 2022 йилдан бошлаб Ангор, Шеробод, Музработ туманларида 30 та маҳаллада амалга оширилмоқда. Ўтган даврда лойиҳа ижрочилари мазкур маҳаллаларда реинтеграция дастури асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга тренинг машғулотлари ўтказиб, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ишбилармонлик кўникмаларини мустакамлашга қаратилган ўқувлар ташкил этди. 165 нафар хотин-қиз учун "Бизнес режалар" кичик грант танлови эълон қилинди.
Тадбир якунида танловда ғолибликни қўлга киритиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 33 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор аёлга чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, қандолатчилик, аёллар сартарошлиги, аҳолига компьютер хизмати кўрсатиш соҳаларида ўз бизнесини юритиш мақсадида асбоб-ускуналар, хомашё маҳсулотлари харид қилиши учун сертификатлар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири