Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини жамиятга интеграция қилишга қаратилган ижтимоий хизматлар жорий этилади
10:29 / 2025-12-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун уларни жамиятга интеграция қилишга қаратилган ижтимоий хизматлар жорий этилади. 

Чекловларсиз ва жамият билан узвий боғланган ижтимоий хизмат кўрсатиш шаклларини жорий этиш орқали интернат шаклида хизмат кўрсатиш тизимини ноинституционаллаштириш жараёнлари жадаллаштирилади. 

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда нодавлат секторнинг улушини ошириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. 

Андижон шаҳри ва Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган ҳудудий марказлар тажрибаси асосида 2026-2027 йиллар давомида босқичма-босқич 20 та ҳудудий марказ фаолияти йўлга қўйилади. 

Ҳудудий марказлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари тизимида давлат муассасаси сифатида ташкил этилади. 

Ҳудудий марказлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. 

Қуйидагилар ҳудудий марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди: 

а) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ва оғир ҳаётий вазиятдаги болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилишини ташкил этиш; 

б) ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва парваришлаш билан банд бўлган бошқа шахсларнинг кўникмаларини мустаҳкамлаш; 

в) оғир ҳаётий вазиятдаги болаларнинг ижтимоий мослашувидаги муаммоларни ўрганиш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш; 

г) психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматларни тақдим этиш. Ҳудудий марказлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига реабилитация, абилитация, физиотерапия ва даволаш-жисмоний тарбия, қараб туриш ва парваришлаш хизматлари кўрсатилади. Бунда мазкур хизматлар нодавлат ташкилотларни, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни жалб этиш орқали ҳам кўрсатилиши мумкин. 

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда (хизмат харажатларини ваучер асосида ёки компенсация шаклида қоплаш) фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар Ҳудудий марказлар хизматларидан "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг йўлланмаси асосида фойдаланади. Бунда ушбу шахсларга йўлланма "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб берилади. 

Ҳудудий марказларнинг хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ барча тартиб-таомиллар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимлари орқали тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. 

Қарор билан: 

а) Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг намунавий тузилмаси; 

б) Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини жойлаштириш учун ажратиладиган вазирлик ва идоралар ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги балансидаги ер участкалари ва бино-иншоотларнинг рўйхати тасдиқланди. 

ЎзА