"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилоят бўлими ходимлари хайрли ва савобли лойиҳага қўл урди.
Улар Янгиер шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва халқ депутатлари шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда Янгиер шаҳридаги А.Жомий, "Шукрона", "Шодиёна", Давлат обод", Т.Малик, "Маърифат", "Юксалиш", "Бинокор", "Фазилат", З.Бобур, "Наврўз обод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган, ижтимоий кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, кўп фарзандли, яъни боқувчисини йўқотган оилалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этди.
– Бундай тиббий кўрикларни вилоятда йил давомида кўп маротаба ўтказамиз, –дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи, педиатр Юлдуз Усмонова. – Лекин бу галгиси умуман бошқача бўлди. Тиббий кўрикни малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, аҳолини ижтимоий кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатлами учун ташкил этдик. Ўтказилган тиббий кўрик давомида мутахассисларимиз бор эътиборини аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммоларга қаратди. Юқумли бўлмаган касалликлар яъни юрак қон-томир, эндокрин бези, ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ сурункали гастрит, аллергия, болаларда учраётган касалликларни аниқлаш ва унинг профилактикасига эътибор қаратдик. Зарур тавсиялар берилди.
Тадбир давомида шаҳарнинг 11 та маҳалласида истиқомат қилаётган 654 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди маблағлари ҳисобига келтирилган 528 ўрам дори воситалари, витаминлар тўплами, 450 дан зиёд тиббий гигиеник восита, болалар таглиги, салфетка ва зарур воситалар бепул тарқатилди.
– Ўтказилган тиббий кўрик фойдали бўлди, – дейди "Шукрона" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гўзал опа. – Фонд ходимлари, қолаверса, шифокорлар ҳам ўзимиз ҳам фарзандларимиз соғлигини кўздан кечириб зарур тавсияларини берди. Тўғриси, рўзғордаги кам-кўст сабаб саломатлигимга эътибор қарата олмагандим. Бирон бир сиҳатгоҳга ёки даволаш муассасасига боришга эса вақт ҳам маблағ ҳам топа олмадик. Тиббий кўрик бизни қийнаб келаётган муаммоларга ечим бўлди. Улар ёрдами билан соғлигимдаги ўзгаришларни билиб олдим. Буни бартараф этиш учун зарур бўлган дори воситаларни бепул беришди. Бу менга, мен сингари ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун катта ёрдам бўлди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА