Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан ортиқ оила ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олинган. Ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари маҳалла кесимида ўрганилиб, улар билан индивидуал тартибда иш олиб борилмоқда.
Шундай савобли ва масъулиятли ишга ўз ҳиссасини қўшаётган фидойи инсонлардан бири Қашқадарё вилояти Касби тумани Жизза маҳалласи ижтимоий ходими Ирода Нусратуллаевадир.

Маҳаллада 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шулардан ижтимоий ҳимояга муҳтож 40 нафар фуқарога “кейc” очилиб, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Натижада 30 дан ортиқ оиладаги муаммолар ижобий ҳал этилди.
Шулар жумласидан 1-гуруҳ ногирони Ҳусан Шодиев ҳам ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими кўмаги билан электрон ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали дори-дармон ҳамда иситиш мавсумида бериладиган бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Дилором Каримованинг қизи Маҳлиё Ўрақова “Камбағаллик реестри”га киритилди. Шундан сўнг унинг фарзанди учун болалар нафақаси тайинланди ва мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли асосда қабул қилинди. Шу билан бирга, Маҳлиё онасига қаровчи сифатида расмий рўйхатга олинди ҳамда куз-қиш мавсуми учун бир марталик моддий ёрдам олди.

Маҳалланинг яна бир фаоли Ирода Ҳасанова эса боқувчисини йўқотган оилалардан. У “Камбағаллик реестри”га олингач, тикиш фаолиятини йўлга қўйиши учун ҳомийлар ёрдамида тикиш машинаси билан таъминланди. Ҳозирда у уч нафар камбағаллик реестрида турган фуқарони иш билан таъминлаган. Шунингдек, унинг қизи бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва имтиёз асосида қўшимча дарсларга йўналтирилди. Энг муҳими, кўрсатилган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар натижасида Ирода Ҳасанова оиласи камбағаллик реестридан чиқарилди.

Бугунги кунда бундай натижалар маҳаллалардаги ижтимоий ходимларнинг фидокорона меҳнати, аҳоли эҳтиёжини чуқур ўрганиш ва ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш тизими самараси сифатида намоён бўлмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА