Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимоя тизими: “Инсон-инсонга кўмакчи”
12:05 / 2025-10-20

Наманган шаҳрида жойлашган вилоят мусиқали драма ва комедия театрида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Инсон-инсонга кўмакчи” шиори остида коучинг ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирда агентлик ҳамда унинг вилоятлар бошқармалари мутасаддилари, Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, ногиронлиги бор шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар иштирок этди. 

Республика агентлигининг мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Зулҳумор Ҳамрохўжаева коучинг иштирокчиларига мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили асосида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ижтимоий ҳимоя тизимига оид янги хизматлар, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар моҳияти, мақсад-вазифалар ҳамда аҳамияти хусусида тушунчалар берди. 

Тадбирда, ижтимоий нафақалар, табиий газ ва электр энергияси учун тўлаб бериладиган компенсация пуллари, болаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган эзгу амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида бошқарма ходимлари йиғилганларга батафсил маълумотлар етказилди. Айниқса, психологик тренинглар иштирокчиларга ўзига хос туртки бериш асносида, уларга руҳий тетиклик ва аъло кайфият бағишлади. 

Қолаверса, жонли қўшиқлар, оҳанглар тадбир қатнашчиларига янада жўшқинлик бахш этган бўлса, интерактив ўйинлар уларда ёрқин таассуротлар қолдиргани шубҳасиз. Бундан ташқари, иштирокчиларга вилоят театри ижодкорлари саҳналаштирган “Сирли сандиқча” спектакли намойиши завқ улашди. Меҳр-оқибат, инсонийлик ҳақида сўзловчи мазкур театр томошаси коучингда қатнашган ҳар бир кишига ўзига хос эстетик ва тарбиявий озуқа берди. 

Тадбир якунида, унда фаол қатнашганларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармасининг эсдалик совғалари тақдим қилинди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА