Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимоя сиёсати янги стратегия асосида амалга оширилади
13:32 / 2022-08-02

Жорий йилнинг 25 июл куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида тизимли ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янада такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда самарали идоралараро мувофиқлаштирувчи тизимни яратишни кўзлаб жуда ҳам катта  ва кенг қамровли Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб қўйилган.

Фармонга кўра, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. 

Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланиши жорий қилинади. Келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади. 

Стратегиянинг асосий мақсад ва йўналишлари ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси шўъбаси раҳбари Абдурашид Раҳимов қуйидагиларни гапириб берди.

– Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган даврда устувор йўналишларни ва комплекс чора-тадбирларни белгилаб беради, – дейди А.Раҳимов. – Стратегия давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя дастурларини қамраб олади. Яъни, 

1) ижтимоий ёрдам дастурлари доирасида 

кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш;

кам таъминланган оилаларга болалар нафақасини тайинлаш;

ёшга доир нафақаларни тайинлаш;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақаларни тайинлаш;

ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига парваришлаш нафақасини тайинлаш;

болаликдан ногиронлик нафақасини (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга) тайинлаш;

ногиронлиги бўлган болалар нафақасини (18 ёшгача) тайинлаш;

ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига ҳамда ҳаёт учун хавфли ва сурункали ривожланадиган кам учрайдиган (орфан) касалликка чалинган болаларга нафақа тайинлаш;

боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлаш;

бир марталик дафн этиш нафақаси бериш;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пул мукофотини бериш;

фуқароларнинг айрим тоифаларига шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш бўйича имтиёзлар бериш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бир марталик моддий ёрдам бериш сингари йўналишларни ўз ичига олади. 

2) ижтимоий таъминот дастурида

ёшга доир пенсиясини тайинлаш;

ногиронлик пенсиясини тайинлаш;

боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашган шахсларга пенсия тайинлаш;

ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш;

вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш;

ишсизлик нафақаси тайинлаш;

ишдан бўшатиш нафақаси тайинлаш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа, ногиронлик пенсияси ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинлашни ўз ичига олган.

3) Ижтимоий хизматлар дастурлари доирасида 

«Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги болалар уйларида тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

«Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар, «Мурувват» ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйларида тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан экспертиза хизматларини кўрсатиш;

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари томонидан тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, шунингдек, якка тартибдаги ижтимоий хизматлар дастурини шакллантириш ва амалга ошириш;

«Темир дафтар»га киритилган оилалар, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ва «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тиббий, психологик ва бошқа хизматларни кўрсатишни ўз ичига олган.

4) Меҳнат бозоридаги фаол чора-тадбирлар дастурлари доирасида 

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш;

давлат мақсадли жамғармалари (субсидиялар, грантлар ва кредит линиялари) ҳисобидан бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш;

маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган ҳамда ишсиз шахсларга хизматлар кўрсатиш;

иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва иш ўринларини захирага қўйиш;

иш қидираётган ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга айрим харажатлари учун компенсация тўлаш;

ривожланган давлатларга уюшган ҳолда танлаш тартибида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш харажатларини қоплаб бериш;

фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш каби масалаларни ўз ичига олади.

Стратегияни амалга ошириш жараёнида аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш, хусусан, маҳалла даражасида ижтимоий хизматларни ривожлантириш, тиббий-ижтимоий хизматлар рўйхати ва стандартларини аниқлаш, ногиронликни белгилашни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, интернат шаклидаги муассасаларни ноинституционаллаштириш мақсади кўзланган.

Меҳнатга лаёқатли аҳолини ижтимоий таъминот билан қамраб олиш йўналишида ижтимоий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, ҳамда уни халқаро стандартларга асосан ривожлантириш, оналикнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш белгиланган.

Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам дастурларини мустаҳкамлаш йўналишида эса давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли етказиб берилишини таъминлаш, камбағал оилаларнинг қашшоқликка тушишига йўл қўймаслик, оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш кўзда тутилган.

Ижтимоий ёрдам тайинлаш тартибини соддалаштириш ва мезонларини доимий равишда такомиллаштириб бориш, аҳолининг заиф қатламлари меҳнат бозоридаги фаол чора-тадбирлардан фойдаланишини кенгайтириш йўналишларида ҳам бир қатор мақсадлар мавжуд. 

Умуман, мазкур ҳужжат жуда катта қамровни, чора-тадбирларни  ва дастурларни ўз ичига олади ва унинг ижросини таъминлашда Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Тиббий–ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари фаол иштирок этиши белгиланган.

ЎзА мухбири

Ғ.ҲАСАНОВ ёзиб олди.