Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимоя: режалардан умидлар катта
12:06 / 2026-01-28

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси тизимидаги соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти билан танишди.

Тадбирда соҳа ходимлари, маҳаллалардаги комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар иштирок этди. Унда ижтимоий ҳимоя соҳасида эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратиш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Маълумотларга кўра, ҳозир вилоятда 76 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатда туради. Жорий йилда 27 минг нафардан зиёд фуқарога ногиронликни белгилашнинг янги стандарти асосида хулоса берилиши режалаштирилган. Шунингдек, минглаб фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, реабилитация ва протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш қамрови кенгайтирилади. 

Инклюзив таълим йўналишига болалар жалб этилиб, мактабларда тўсиқсиз муҳит яратиш ишлари давом эттирилади. Етим болаларни уй-жой билан таъминлаш ва уларни олий таълим муассасаларига йўналтириш чоралари кучайтирилади. Бундан ташқари, ижтимоий карта тизимини кенгайтириш орқали ижтимоий тўловларнинг манзиллилиги оширилиб, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш таъминланади. Маҳаллаларда “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали эҳтиёжманд аҳолига кўмак бериш ишлари изчил давом эттирилади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултоновнинг таъкидлашича, бу йил ҳам давлат томонидан яратилаётган имкониятларни ўз эгаларига вақтида етказиш асосий вазифа этиб белгиланган. Шу билан бирга, Чирчиқ шаҳри, Нурафшон шаҳри ва Бекобод туманида ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда агентлик ҳудудий бошқармасининг янгидан қурилаётган биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

А.Мусаев, ЎзА.