Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида давлат ижтимоий суғурта тизими қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йилда тизим орқали миллионлаб фуқароларни қамраб олиш режалаштирилган. Бу эса турли тоифадаги аҳоли учун ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маълумотига кўра, 2026 йилда давлат ижтимоий суғурта тизимига бюджет ташкилотларида ишловчи қарийб 2,2 миллион нафар, хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллион нафардан ортиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган ҳамда норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллион нафардан ортиқ фуқаро жалб этилади.
Қайд этилишича, жорий йил январь ойида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича 10,7 мингта касаллик варақаси келиб тушган. Шундан 9 мингтаси (84%) бўйича 103,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинланган. 1,7 мингта (16%) ҳолатда фуқаролар расмий банд бўлмагани ёки суғурта стажи етарли эмаслиги сабабли нафақа тайинлаш рад этилган.
Давлат ижтимоий суғуртаси тизими аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, даромадлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий хавф-хатарларни камайтиришда муҳим ўрин тутади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА