Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ҳимоя инсон манфаатларига хизмат қилади
14:16 / 2025-12-22

Бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизимида манзилли ёндашув, индивидуал режалаштириш ва ҳамкорликда ишлаш энг самарали усуллардан бири бўлмоқда.

Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Мазлахон Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Муҳайё Муҳаммедова 2-гуруҳ ногиронлиги мавжудлигига қарамай, у ҳаётга фаол қарайдиган, ўз имкониятларини кенгайтиришга интилувчи ва меҳнат орқали мустақил даромад топишга ҳаракат қилаётган аёллардан.

Маҳаллада фаолият олиб бораётган ижтимоий ходим томонидан фуқаро билан манзилли суҳбат ўтказилди. Унинг эҳтиёжлари, муаммолари ва имкониятлари ўрганилди. Шу асосда Муҳайё Муҳаммедова учун индивидуал ижтимоий хизматлар режаси ишлаб чиқилди ва мазкур режа доирасидаги чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида фуқаро ва унинг оиласи ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, хонадон бўйича Камбағал оилалар реестрига киритиш мақсадида сўровнома ўтказилди ва Оила реестрга киритилди. Натижада болалар нафақаси тайинланиб, оиланинг молиявий аҳволи маълум даражада барқарорлашди.

Шунингдек, фарзандлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилди. Оиладаги кичик фарзанд имтиёзли тартибда ҳудуддаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди. Қизи эса имтиёз асосида математика фанидан ўқув курсига жалб этилди. Унинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилди.

Аёлнинг ўз устида ишлашга бўлган интилиши эътибордан четда қолмади. Маҳалла хотин-қизлар фаоли томонидан берилган тавсиянома асосида Муҳайё Муҳаммедова грант асосида ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари, мактаб директори билан ҳамкорликда у “Баркамол авлод” болалар марказига ишга жойлаштирилиб, фуқаронинг якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти доирасида барқарор бандлиги таъминланди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.