2025 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси, ҳудудларда фаолият юритаётган “Инсон” марказлари ҳамда ижтимоий ходимлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашда тизимли ва манзилли ишлар амалга оширилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки инсон капиталига сармоя киритиш, ижтимоий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва аҳолининг заиф қатламлари учун муносиб ҳаёт шароитини яратишга қаратилди.
Йил давомида 1209 нафар боланинг таълимга йўналтирилгани болаларни ижтимоий хавфдан ҳимоя қилиш, уларнинг билим олиши ва келажакда жамиятга тўлақонли мослашувини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Бу кўрсаткич таълим орқали ижтимоий муаммоларни бартараф этиш ва барқарор келажакни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
– Йил давомида 17 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоийлашувига кўмак кўрсатилиб, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси матбуот котиби Тимур Байбиков. – Бу борада тиббий, ижтимоий ва реабилитация хизматларининг уйғунлашган ҳолда кўрсатилаётгани алоҳида аҳамият касб этмоқда. Оилалар билан ишлашда кейс-менежмент тизимининг кенг жорий этилиши ижтимоий ҳимоя тизимида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини кўрсатди. 13,3 мингта оилага мазкур усул орқали хизмат ва ёрдамлар кўрсатилиб, ҳар бир оиланинг аниқ эҳтиёжи, муаммоси ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал ечимлар таклиф этилди. Бу эса ижтимоий хизматларни умумий эмас, балки манзилли ва натижага йўналтирилган тарзда ташкил этиш имконини берди.
Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар билан ишлашда ҳам комплекс ёндашув устувор бўлди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 993 нафар шахсга тиббий, ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатилиб, уларнинг ҳаёт сифати яхшиланишига эришилди. Шунингдек, ёлғиз яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга 3,6 мингта турли хизмат ҳамда ёрдамлар тақдим этилди. Бу чора-тадбирлар аҳолининг энг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишда давлатнинг масъулияти ва ғамхўрлигини яққол намоён этади.
Якунланган йилда ижтимоий адолатни таъминлаш ва аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кенг қамровда амалга оширилди. 3,7 минг нафар зўравонликдан жабрланган шахсга ҳимоя ва ёрдам кўрсатилиб, уларнинг хавфсизлиги ва қонуний ҳуқуқлари таъминланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 2 минг нафар эҳтиёжманд аҳолига 7,8 миллиард сўм моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, 24 минг нафар фуқарога 24,5 миллиард сўм ижтимоий нафақалар тўланди, 35 минг нафар эҳтиёжманд аҳолига эса 29,7 миллиард сўм ёрдам ва компенсациялар берилди.
[gallery-27021]
“Камбағал оилалар реестри”га киритилган 15 мингта оила билан олиб борилган амалий ишлар натижасида 50 мингдан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилгани ҳам ижтимоий ҳимоя тизимининг қамрови ҳамда самарадорлигини кўрсатади.
Умуман олганда, Навоий вилоятида ижтимоий ҳимоя тизими аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларини тўлиқ қамраб олган ҳолда самарали фаолият юритмоқда. Бу эса давлат ижтимоий сиёсатининг марказида инсон манфаатлари турганини яққол тасдиқлайди. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳудудда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда жамият тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари