“Ижтимоий фикр” маркази бўйича Президент фармони қабул қилинганига бугун роппа-роса бир йил бўлди.
“Ижтимоий фикр” маркази бўйича Президент фармони қабул қилинганига бугун роппа-роса бир йил бўлди. Тўғриси, унгачаям шу марказ нима иш қилишини тушунмасдим, бир фуқаро сифатида ўз ҳаётимда ҳис қилмасдим.
Президент фармони чиққанда “ўх, зўр бўпти, марказга шароит яратиб бериляпти, энди ишлашса керак”, деб ўйловдим.
Мана, 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда уларга қандай вазифалар қўйилган:
давлат ҳокимияти, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ва хавфсизлик соҳаларидаги ислоҳотлар тўғрисидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги ҳолати ва мазмунини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ҳолати ва динамикаси тўғрисида, аҳолининг ижтимоий фикри ҳақида ишончли ахборотни тарқатиш;
хорижий тадқиқотчилик амалиётида фаол фойдаланиладиган ва замонавий ахборот ёндашувларига таянадиган социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш.
Хўш, булар бўйича нима ишлар қилинди экан, деб http://ijtimoiy-fikr.uz/ сайтига кирдим. Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлса-да, дастлаб сайтнинг рус тилидаги саҳифаси очиларкан (!).
Ўзбекча саҳифасига ўтдим. Шармандалик. Энди материаллар ўзбекча, тепада марказ номи русча бўлиб турибди. “Э ўле, бу кунингдан” дегинг келади. Ахборот технологиялари ривожланган замонда, Ўзбекистон ҳамманинг назарида бўлиб турган вақтда шу даражадаям бепарволик, бефаросатлик бўладими?!
Сайтни модернизация қилиш режалаштирилибди, яхши. Лекин нега шу пайтгача шу аҳволда ишлаб келинган?
Интернет кириб келганига 20 йилдан ошган бўлса ҳам-а?
Юртимизда шунча дастурчи мутахассислар бўла туриб-а?
Президент фармони чиққандан кейин ҳам-а?
Мен бу марказни шундай тасаввур қиламан. Масалан, бирон чет эллик инвестор ё эксперт Ўзбекистон аҳолиси ҳақида билмоқчи бўлса,“Ижтимоий фикр” маркази сайтига кириб, маълумот олиши керак. Ҳозирги ҳолатдаги сайтни кўрган одам нима деб ўйлайди?! Президентимиз бу ёқда давлат тилига шунча эътибор беряпти. Халқ ҳам, мутахассислар ҳам жон куйдиряпти. Битта-иккита чулчит бутун элни шарманда қиляпти.
Ёки яна бир тасаввурим: “Ижтимоий фикр” маркази жойларда етилиб келаётган муаммолар, одамларда норозилик уйғотаётган ҳолатлар ҳақида аҳоли фикрини ўрганиб, ўз хулосаларини бериши керак.
Масалан, ўтган йили июлда Хоразм, Қашқадарё, Фарғона вилоятларида уйлар бузилиши билан боғлиқ воқеалар одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Президент буни газак олиб кетгандан кейин интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлардаги изоҳлардан билди.
Хўш, аҳолининг фикрини ўрганиш кимнинг вазифаси эди? Ўз номи билан “Ижтимоий фикр” деган марказ нима қилади ўзи?
Балки улар (ўз тилида) “бу бизнинг функциональные обязанности”мизга кирмайди дер? Унда кимники?!
Президент фармонида жамоатчиликнинг давлат ҳокимияти, ижтимоий соҳа ёки хавсизликка доир фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш дейилган. Уйлар бузилиши ҳам ҳокимият билан боғлиқ масала эди. Хавфсизликка дахлдор масала эди.
Албатта, “Ижтимоий фикр” маркази ходимлари ҳеч нима билан шуғулланмайди демоқчи эмасмиз. Шуғулланади. Лекин ҳеч кимга керак бўлмаган, бирон нимани ҳал қилмайдиган ишлар билан шуғулланади.
Мана, улар ўтказган тадқиқотлар рўйхати:
Кўрдикки, охирги тадқиқот 2016 йилда ўтказилган экан. Айримларининг мавзусиям ғалати: МСМ сонини аниқлаш. Нима ўзи у МСМ? Ёки бунисига нима дейсиз: Қадоқланган ичимлик сувлари тоифасига харидорлик майлларини аниқлаш.
Бунга кулайликми, куяйликми, ҳурматли социологлар!
“Ижтимоий фикр” марказида соҳа мутахассислари эмас, рассомлар ишласа керак. Хоҳлаган рақамни чизиб берадиган рассомлар.
Матбуотдаги чиқишларини ўқиган одамнинг энсаси қотиб кетади. “Сўров натижалари шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 80 фоизи мундай фикрда” дейди.
Ие, қанча сондан келиб чиққан бу фоиз? 10 миллион аҳолидан 8 миллионими, ё 100 мингдан 80 мингми, ё ўзлари бирга ишлайдиган 10 кишидан 8 тасими?
Йўқ, менимча, улар катта аҳоли ўртасида сўров ўтказиб оввора бўлиб юришмайди. Улар аҳмоқ эмас. Тахминан ўйлаб кўриб, исталган рақамни чиройли қилиб ёзиб (рассом-да), раҳбарга олиб киради. Раҳбар ҳам кўриб, саксон рақамини тўқсон қиворишиям мумкин. Чунки ҳеч ким миллионлаб аҳолидан сўраб, овозларини санаб чиқмаган бўлади. Бу билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди.
Қоида бўйича, социологик тадқиқотда аҳолининг барча қатламлари, барча ҳудудлари қамраб олиниши, турли ёшдаги одамлар қатнашиши керак.
Айтиш мумкинки, ҳозир қайтанга блогерлар, фейсбукдаги гуруҳлар долзарб ва асослироқ сўровлар ўтказаяпти. Масалан, ҳокимлар фаолияти, коррупция даражаси, бизнес йўлидаги тўсиқлар, прописка масаласи, электр ва газ билан боғлиқ муаммолар бўйича сўровлар ўтказилди. Кундузи автомобиль чироқларини ёқиб юриш мажбурийлиги тўғрисидаги қоида интернетда аҳоли билдирган фикрлар асосида бекор қилинди.
Президентнинг юқорида айтилган фармонига кўра, “Ижтимоий фикр” маркази интернет орқали ҳам сўров ўтказиши мумкин. Лекин бу борада фаол фойдаланувчилардан бири сифатида бундай сўровга ҳали кўзим тушмади. Марказнинг телеграмдаги каналида эса бор-йўғи 2 киши бор. Униям биттаси мен. Текшириб кўриш учун уландим.
Мана, сизга замон талабию республика даражасидаги марказнинг аҳволи. Давлатимиз ундан нималар кутяптию бу марказ нима ишлар қиляпти. Буни танқидий ўрганиш, ғалвирни сувдан кўтариш вақти келди.
Президент бир йиғилишда айтганидек, соҳа ва тармоқларнинг раҳбарлари “қотиб қолган”. Бундай одамларга халқ ишонмайди. Муаммо бошқа ёқда, булар бошқа ёқда бўлиб юраверади.