Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий дорихоналарнинг оддий дорихоналардан қандай фарқи бор?
11:53 / 2023-09-12

“Иссиқ жон иситмасиз бўлмас”. Тобимиз қочганида шифокор хизматига эҳтиёж сезамиз ва албатта мутахассис томонидан тақдим этилган рецептни олиб дорихонага мурожаат қиламиз. Шунинг учун ҳам фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш энг долзарб масалалардан биридир. Чунки мазкур соҳа бевосита инсон соғлиғи билан боғлиқ.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан арзон нархда таъминлашга қаратилган  кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.    

Ижтимоий дорихона нима? Уларнинг оддий дорихонадан қандай фарқи бор? Кимлар имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминланиш ҳуқуқига эга?    

Мазкур саволлар юзасидан “Дори-дармон” АК тижорат директори Нурали Ҳусанов қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

–Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана нархларда, харид нархининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдордаги энг кам чакана савдо устамаси билан, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга фармацевтика маҳсулотларини қатъий белгиланган нархларда сотиш, дори воситаларини имтиёзли рецептлар бўйича тавсия қилиш ижтимоий дорихоналарнинг асосий фаолият турлари саналади, – дейди Нурали Ҳусанов. – Ижтимоий дорихоналарнинг хизмат кўрсатиш радиуси  аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади, шаҳарларда 2-3 км, қишлоқ ҳудудида 5-10 кмдан кўп бўлмаган масофада бўлиши керак. Бу каби дорихоналар вилоят, туман марказларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларида жойлаштирилиши лозим. Мамлакатимизда 1 минг 747 та ижтимоий дорихоналар мавжуд. Шундан  1 минг  143 та ижтимоий дорихоналар республикамизнинг энг олис ҳудудларида, чекка пунктларда жойлашган. Мазкур дорихоналарнинг ҳаммаси зарур жиҳозлар билан таъминланган, лицензияга эга мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган.    

Аслида ижтимоий дорихоналар аҳолига қандай қулайлик яратади?    

–Бу каби дорихоналарнинг қулайлиги тиббиёт муассасаларига, қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга яқин масофада жойлашгани. Шунингдек, уларда биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга, нархи чекланган дорилар сотилади. Яна бир муҳим жиҳат, бу дорихоналарда дори-дармонларнинг устамаси 10 фоиздан ошмайди. Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналар наркотик-психотроп дориларни рецепт асосида бериш ваколатига эга. Рецептлар бўйича бепул дори воситалари ҳам ижтимоий дорихона орқали олинади.    

Ижтимоий дорихоналар  айрим тоифадаги имтиёзларга асосан дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.      

Тегишли ҳужжатга кўра, 14 турдан иборат имтиёзга эга касалликлар рўйхати тузиб чиқилган. Бу каби касалликка чалинган беморлар ўзлари рўйхатда турган ҳудудда жойлашган ижтимоий дорихоналар орқали бепул дори воситалари билан таъминланади. Амбулатория шароитида даволашда имтиёзли бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилган, ижтимоий дорихонада амалда мавжуд бўлган ва вақтинча мавжуд бўлмаган дори воситалари ҳақида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига ҳар чоракда маълумот тақдим этади.    

Бепул дори воситаларидан фойдаланиш учун уларга имтиёз асосида рецепт ёзиб берилади. Ушбу дориларни шу дорихонадан топишни имкони бўлмаса, шартнома тузиш орқали шу ҳудудда жойлашган  мулкчилик шаклидан қатъи назар, дорихоналар орқали имтиёзли рецепт асосида бепул олиш мумкин.    

Мутахассиснинг сўзларига кўра, “Дори-дармон” АК га жорий йилнинг ўзида 233 минг 83 та имтиёзли рецепт келиб тушган ва  беморлар бепул дори воситалари билан таъминланган.    

 

Муҳайё Тошқораева,    

ЎзА