Жиззах вилояти мусиқали драма театрида Республика ишчи гуруҳи томонидан “Вилоятда ижтимоий-диний вазиятни соғломлаштириш, радикал қарашларга таъсирчан чораларни кўриш” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилот, муассасалар раҳбар ва ходимлари, отинойилар, ўқувчи, талаба-ёшлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита вакили Илҳом Маъруповнинг “Вилоятда ижтимоий-диний вазиятни соғломлаштириш, радикал қарашларга таъсирчан чораларни кўриш” мавзусидаги маърузасини зўр қизиқиш ва эътибор билан тинглади.
Бугунги кунда ҳам вилоятда ижтимоий-диний вазиятни соғломлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни турли мафкуравий хуружлар таъсиридан асраш ва радикал қарашларга таъсирчан чораларни кўриш бўйича самарали ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Ушбу йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда давлат бошқаруви идоралари, хуқуқ-тартибот органлари ва жамоат ташкилотлари ходимлари билан бир қаторда имом хатиблар ва отинойилар ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, миллий қадрият ва урф-одатларимизга содиқлик, аввало она Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги, мамлакатимизда инсон манфаати учун олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, диний бағрикенглик ва ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш оқибатлари ҳамда шукроналик туйғулари ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА