Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Бадриддин Насриев Жомбой тумани сайловчилари билан учрашди.
Дастлаб номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан таништирди. Мазкур дастурда кучли ижтимоий сиёсат, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар, кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократия, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, конструктив ташқи сиёсатга оид 9 устувор йўналиш бўйича аниқ ва манзилли таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилгани қайд этилди.
– Бизнинг партиямизнинг дастурий мақсади – ижтимоий давлат концепцияси, – деди Б.Насриев. – Шунинг учун номзоднинг дастурида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган ижтимоий давлат мақомидан келиб чиқиб, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган. Ижтимоий сиёсат ҳар бир давлат ривожланиши ва бошқарувининг, таъбир жоиз бўлса, таянч устунидир. Жамиятдаги турли шахслар ва турли гуруҳлар ўртасидаги тенгликни тартибга солишда, ижтимоий адолат ва ижтимоий мувозанатни таъминлашда унинг ўрни беқиёс. Ижтимоий давлат барпо этишни ўзининг энг олий мақсади деб билган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мамлакат Президентлигига номзоди томонидан илгари сурилаётган дастур айнан шу ҳақиқат асосига қурилган.
Учрашув қатнашчилари дастурга ўз муносабатларини билдириб, кўплаб саволларига жавоб олди. Ишончли вакил жомбойликларни 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов(сурат), ЎзА