“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг Самарқанд вилоятидан ишончли вакили Музаффара Абдиева Самарқанд тумани сайловчилари билан учрашди.
Дастлаб, йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берилди. Сўнгра сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, унда кўзда тутилган мақсадлар ҳақида сўз юритилди.
– Конституциямизга кўра ҳар бир инсон уй-жойли бўлишга ҳақли. Ушбу конституциявий қоидани таъминлаш учун номзодимиз ўз даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш чораларини кўриш зарур деб ҳисоблайди, – деди М.Абдиева. – Шунингдек, дастурда мамлакатимизда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб бериш, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиши бўйича чоралар кўриш кўзда тутилган.
Конституциямизнинг 46-моддасида пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Номзод ушбу инсонпарвар нормани ҳаётга тўлиқ жорий қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ниятида.

Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш лозим.
Биз ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш тарафдоримиз. Субсидиялар бериш тизимини такомиллаштирамиз ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Агар мақсадсиз ишлатилса албатта субсидия давлатга қайтарилиши шарт.
Ижтимоий объектлар ва энг муҳим стратегик объектларда давлат мулкини сақлаб қолиш тарафдоримиз, лекин бунда фуқароларга танлов имкониятини берадиган хусусий сектор ҳам ривожлантирилиши керак. Шундагина ижтимоий адолатни таъминлаган бўламиз.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришда, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда, камбағаллик муаммоларини ҳал этишда ижобий натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.
Учрашув якунида ишончли вакил сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА