2025 йил “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси фаолиятида ижтимоий масъулият, инсон саломатлиги ва барқарор инфратузилмани ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Кон-металлургия соҳасидаги оғир ва масъулиятли меҳнат муҳитида фаолият олиб бораётган кончилар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун муносиб ҳаёт тарзи яратиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди.
Жамғарма фаолияти марказида доимо инсон омили туради. Бу, аввало, кончининг саломатлиги, меҳнат қобилияти ва ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қаралганда, 2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишлар жамғарманинг стратегик ёндашувини яққол намоён этди. Йил давомида “НКМК” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси ва жамғарма тизимида ишловчи ходимлар ҳамда нафақахўрларни республика ва вилоят миқёсидаги етакчи клиникаларда даволаш учун 894 та йўлланма берилди. Натижада 759 нафар бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклаш учун 11 миллиард 229,7 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

– Бу кўрсаткичлар нафақат рақам, балки инсон ҳаёти ва соғлиғига қаратилган аниқ амалий қадамлардир, – дейди муассаса директори Дилшод Очилов. – Шу билан бирга, жамғарма тизимидаги тиббий-санитария бўлимлари томонидан 30 минг нафардан ортиқ ходим ва нафақахўрларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилди. Бу эса соғлиқни сақлаш хизматлари тизимли ва узлуксиз ишлаётганини кўрсатади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ муаммоларни барвақт аниқлаш ва юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Навоий шаҳридаги тиббий-санитария бўлимига замонавий “Ангиограф” ускунаси харид қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ускуна инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. 2025 йилда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 15,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Лапароскопия ускуналари жорий этилиши кам инвазив жарроҳлик амалиётларини кенг қўллаш имконини бериб, беморларнинг тез соғайиши ва асоратлар камайишига ёрдам берди. Жарроҳлик, гинекология, урология, онкология ва гастроэнтерология йўналишларида ўтказилган замонавий текширув ва амалиётлар тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқди.

Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда тўғри ва мувозанатли овқатланиш муҳим ўрин тутади. Шу боис жамғарма тасарруфидаги умумий овқатлантириш комбинатлари 2025 йилда ҳам барқарор ва самарали фаолият юритди. Кончиларнинг оғир меҳнат шароити ҳисобга олиниб, даволаш-профилактик овқатланиш тизими узлуксиз таъминланди. Миллионлаб талонлар асосида иссиқ ва фойдали овқатлар тарқатилиб, сут маҳсулотлари билан таъминлаш амалиёти давом эттирилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи бозорларга қарамликни камайтириш мақсадида “Дўстлик” агрофирмаси фаолияти алоҳида ривожлантирилди. Агрофирма томонидан ишлаб чиқарилган гўшт, сут, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, консерва ва қуритилган маҳсулотлар жамғарма тизимидаги овқатланиш корхоналарига етказиб берилди. Бу эса маҳсулот сифати барқарорлигини таъминлаш билан бирга, иқтисодий самарадорликни ҳам оширди.

2025 йил жамғарма фаолиятида энергетик самарадорлик ва экологик барқарорлик масалалари ҳам устувор аҳамият касб этди. Қуёш электр станцияларини жорий этиш орқали 730 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Янги объектларда ўрнатилган станциялар ҳисобидан 2026 йилда ушбу кўрсаткични 1,1 миллион кВт/соатга етказиш режалаштирилган. Бу эса энергия харажатларини тежаш билан бирга, экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтирмоқда.

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари доирасида тиббий муассасалар, спорт мажмуалари, дам олиш масканлари ва хизмат бинолари замонавий талаблар асосида янгиланди. Бу ишлар нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки ходимлар ва фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилди.

Маданият ва спорт соҳаларида эришилган ютуқлар эса жамғарманинг ижтимоий ҳаётдаги фаол ўрнини янада мустаҳкамлади. Минглаб маданий тадбирлар, юзлаб тўгараклар, халқаро танловларда қўлга киритилган ғалабалар жамғарма тизимида маънавий муҳит юксалаётганини кўрсатди. Спорт соҳасида эса болалар ва ўсмирларни оммавий равишда спортга жалб қилиш орқали соғлом ва фаол авлод тарбияланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил “НКМК жамғармаси” ДМ учун инсон саломатлиги, ижтимоий ҳимоя, маданий-маърифий ва спорт ривожи, шунингдек, барқарор инфратузилмани мустаҳкамлаш йўлида амалий натижаларга бой йил бўлди. Жамғарма томонидан олиб борган ишлар бугунги кун эҳтиёжларини қондириш билан бирга, келажак учун мустаҳкам ижтимоий пойдевор яратишга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири