Сўнги йилларда кескинлашаётган геосиёсий вазият ва иқтисодий қарама-қаршиликлар ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтирмоқда. Фаровонлик ва камбағаллик ўртасидаги тенгсизликни камайтириб бўлмаяпти. БМТ маълумотига кўра, бугун дунёда 1,1 миллиард аҳоли камбағалликда умр кечирмоқда. Глобал ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этган бир пайтда юқори технологиялар ва сунъий интеллект миллионлаб иш ўринлари қисқаришига сабаб бўлмоқда. Саводсизлик кучаймоқда, унинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион долларга тенг. Ўзга юртларда меҳнат қилаётган 300 миллиондан ортиқ мигрантнинг эса ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинмаяпти.
Ўттиз йиллик танаффусдан сўнг Қатарнинг Доҳа шаҳрида ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитини ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам айнан ижтимоий адолатни таъминлаш борасида дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар саъй-ҳаракатларини янги босқичга кўтаришдир. Чунки 1995 йилда 100 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирокида Копенгаген шаҳрида ўтказилган биринчи саммитда инсон қадри ҳимоясига асосланган “Копенгаген декларацияси” қабул қилинган эди. Унда белгиланган 10 та асосий мажбурият ижроси доирасида бир миллиарддан ортиқ одам камбағалликдан чиқди. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими яхшиланди. Аёллар ва ёшлар учун янги имкониятлар очилди.
Аммо сўнгги йилларда ижтимоий адолатсизлик кучаймоқда. Бу борадаги беқарорликни тўхтатиб бўлмаяпти. Даромадлар ўртасидаги тафовут кенгайгани сари жамиятда норозиликлар кўпаймоқда. Иқлим ўзгариши, миграция, рақамли трансформация ва сунъий интеллект билан боғлиқ ишсизлик муаммоси пайдо бўлди.
Доҳа саммитида сўзга чиққан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу масалалар ҳақида гапириб, Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” ғояси асосида ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳимоя қилиш орқали ижтимоий давлат барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Энг асосийси,: янги таҳрирдаги Конституцияда бу борада қатъий сиёсат белгиланди. Яъни, фуқароларга муносиб ҳаёт кечириши учун етарлича иш ҳақи ажратиш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, сифатли таълим, малакали тиббий хизмат, оила, болалар ва аёллар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.
Яна бир муҳим ўзгариш: аввал тарқоқ бўлган ижтимоий ҳимоя дастурлари ягона тузилма – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги асосида бирлаштирилди ва бу тизим жамиятнинг энг қуйи бўғини – ҳар бир хонадон ва оилага кириб борди. Натижаси эса биргина статистикада намоён бўлмоқда: юртимизда охирги йилларда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилди.
Президентимиз дунёдаги мураккаб жараёнлардан келиб чиқиб, камбағалликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, бандликни самарали ҳал этишда замонавий механизмларни ишга тушириш, барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий муаммоларга самарали ечим топиш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришининг ижтимоий ҳаётга таъсири бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.
Албатта, Ўзбекистон томонида билдирилган ушбу таклифлар шунчаки хаволаки гаплар эмас. Унинг асоси, исботи бор. Мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойили айнан мазур тушунчалар асосига қурилган ва у муваффақиятли амалга оширилмоқда. Халқимиз қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларидан келиб чиқиб ишланган ўзбек модел натижаси эса бугун халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётгани янгилик бўлмай қолди. Шу жиҳатдан, Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар дунёдаги миллионлаб одамларга ишонч ва умид бағишлаши, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Нигора ЛУТФУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати