Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий адолат ва инсон қадри – Янги Ўзбекистон барқарор тараққиёт моделининг устувор тамойили
16:23 / 2026-02-18

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида кечаётган ортга қайтмас янгиланиш жараёнларида ижтимоий адолат тамойиллари муҳим асос сифатида бўй кўрсатмоқда.

Халқ фикри, одамларни ўйлантираётган масалаларни таҳлил этиш, ўрганиш, уларга ечим топиш, ҳамюртларимизни ҳаётдан  рози этиш бугунги ислоҳотларда устуворлик касб этмоқда. Бу борадаги эзгу ташаббуслар халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.  

2009 йилдан буён ҳар йили 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни (World Day of Social Justice) сифатида нишонланади. Ушбу куннинг асосий мақсади камбағаллик, ишсизлик, гендер тенгсизлиги ва ижтимоий четланиш каби глобал муаммоларга эътибор қаратиш ҳамда жамиятда адолатли, тенг ҳуқуқли ва инклюзив муҳитни яратишга чақиришдир.  

Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев ЎзА мухбирига мазкур сана, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларининг устуворлиги хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

–  20 февраль –  Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни халқаро ҳамжамият ҳаётида шунчаки рамзий сана эмас. Бу кун инсон қадрини улуғлаш, тенг имкониятларни таъминлаш, муносиб меҳнатни қарор топтириш ва камбағалликка қарши курашишни глобал тараққиёт кун тартибининг марказига олиб чиқадиган муҳим ижтимоий-сиёсий мезондир. Мазкур ғоялар бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятини белгилаб бераётган устувор тамойиллар билан тўлиқ уйғунлашмоқда.

XXI аср тараққиёт тажрибаси шуни яққол кўрсатдики, ижтимоий адолат таъминланмаган жамиятда барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди. Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари қанчалик юқори бўлмасин, унинг натижалари аҳоли қатламлари ўртасида адолатли тақсимланмаса, жамиятда ижтимоий ишонч сусаяди, тенгсизлик чуқурлашади, натижада давлат ва аҳоли ўртасида узоқлашув юзага келиб, ўзаро масъулият ва ишонч асослари заифлашади.

Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари тизимида ижтимоий адолат марказий ғоя сифатида белгиланган бўлиб, у камбағалликка барҳам бериш (БРМ–1), муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишни таъминлаш (БРМ–8) ҳамда тенгсизликни қисқартириш (БРМ–10) мақсадлари билан узвий боғланган.

Ҳозир дунёда қарийб 700 миллион инсон ҳануз ўта камбағал шароитда ҳаёт кечираётгани ижтимоий адолат масаласи глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланганини кўрсатади. Расмий бандлик даражаси паст, ижтимоий ҳимоя тизими заиф бўлган мамлакатларда тенгсизлик иқтисодий ўсишни чекловчи асосий тўсиқлардан бирига айланмоқда. Демак, ижтимоий адолат — фақат ижтимоий сиёсат йўналиши эмас, балки миллий ривожланишнинг стратегик шарти.

Ўзбекистон мазкур глобал тамойилларни шунчаки қўллаб-қувватлаётган давлат эмас, балки уларни миллий тараққиёт моделига изчил татбиқ этаётган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ғоявий негизини “Давлат — инсон учун” деган тамойил ташкил этади. Инсон қадрини улуғлаш концепцияси давлат сиёсатининг бош мезонига айланиб, бошқарув тизими, иқтисодий янгиланишлар, ижтимоий ҳимоя, таълим ва ҳудудий ривожланиш жараёнларида устувор йўналиш сифатида қарор топмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ислоҳотлар натижаси аввало оддий инсон ҳаётида сезилиши керак”, деган ғояси ижтимоий адолатни декларация эмас, балки аниқ сиёсий мажбурият сифатида белгилаб берди.

Камбағалликка қарши кураш Ўзбекистонда илк бор тизимли ва институционал давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Энг муҳими, камбағаллик энди ижтимоий ҳолат сифатида қабул қилинмаяпти, балки уни қисқартириш ва бартараф этиш давлатнинг аниқ вазифаси сифатида қаралмоқда. Манзилли ижтимоий ҳимоя механизмлари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби амалий инструментлар, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва аҳолини иқтисодий фаолликка жалб этиш орқали ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги модели шаклланди.

Бу ёндашув инсонни ижтимоий нафақа олувчи эмас, балки иқтисодий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Ижтимоий адолатнинг иқтисодий пойдевори муносиб меҳнатдир. Инсон ўз меҳнати орқали барқарор даромад топа олмас экан, жамиятда тенг имкониятлар ҳақида сўз юритиш мушкул. Шу сабабли мамлакатимизда бандлик сиёсати фақат иш ўринлари яратиш билан чекланмасдан, меҳнат муносабатларини сифат жиҳатдан такомиллаштириш, норасмий секторни қисқартириш, меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилмоқда. 

Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, замонавий касбларга тайёрлаш ва тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш орқали иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик ўртасида мустаҳкам боғлиқлик таъминланмоқда. Бу чора-тадбирлар БРМ–8 доирасида ижтимоий адолатни иқтисодий ўсиш билан боғлаётган муҳим механизм сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз томонидан бир неча бор таъкидланган “Камбағалликка қарши кураш — бу инсонни меҳнат орқали қадрли қилиш” ғояси бу йўналишнинг асосидир. Муносиб меҳнат нафақат даромад манбаи, балки инсон қадрини таъминловчи асосий омилдир.

Шу билан бирга, ижтимоий адолат ҳудудлар ўртасидаги мутаносиб ривожланишни ҳам тақозо этади. Марказ ва чекка ҳудудлар ўртасида таълим, тиббиёт, инфратузилма ва иқтисодий имкониятлар борасида кескин тафовут сақланиб қолса, ижтимоий ажралиш хавфи юзага келади. Шу боис қишлоқ ва туманларни комплекс ривожлантириш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, инвестицияларни ҳудудларга йўналтириш, ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Бу орқали БРМ–10да белгиланган тенгсизликни камайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси таъминланмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт моделида “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак” деган тамойил асосий мезон сифатида қарор топаётгани ижтимоий давлат барпо этиш йўлидаги изчил ҳаракатларнинг далили. Ижтимоий ҳимоя, инсон капиталига сармоя, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш - буларнинг барчаси иқтисодий ўсишнинг самарасини инсон фаровонлигига йўналтиришга хизмат қилмоқда.

Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни Ўзбекистон учун халқаро тақвимдаги навбатдаги сана эмас, балки мамлакат танлаган тараққиёт йўлининг мазмунли ифодаси. Камбағалликка қарши курашиш, муносиб меҳнатни таъминлаш ва тенгсизликни камайтириш Янги Ўзбекистоннинг стратегик танловига айланган. Ижтимоий адолатга таянган давлат сиёсати эса барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва инсон қадрини таъминлашнинг энг ишончли кафолати сифатида намоён бўлади.

ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.