Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбир суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши борасида амалга оширилган ишлар самараларига бағишланди. Матбуот анжуманида Бюронинг вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари раҳбар ва ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Олимжон Мардонов матбуот анжумани иштирокчиларига вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аввало инсон манфаатларига қаратилгани, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилганлиги таъкидланди.
– Асосий эътибор, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари, ундирилган маблағлар ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансоларлик ва суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳамда меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилди, – деди бошқарма бошлиғи О. Мардонов. –Хусусан, аҳолининг ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 10,5 миллиард сўм йўналтирилган. Жорий йилнинг 1-чорагида 1 триллион 963 миллиард сўмлик 125.440 та ижро ҳужжатлари қабул қилинган. Шундан 54.705 тасининг ижроси тамомланган. 44.483 та ижро ҳужжатлари бўйича 352 миллиард сўм амалда ундирилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қўшимча 82,6 миллиард сўм кўп маблағ ундирилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган уй жойлари, иморатлари, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлари учун маҳаллий ҳокимликлардан компенсация ундириш билан боғлиқ 8,6 миллиард сўмлик 56 та ижро ҳужжатлар ижроси амалда таъминланган. Алимент ундируви билан боғлиқ 13.502 та ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, ундирувчилар фойдасига 19,1 миллиард сўм маблағ ундириб берилиши таъминланган.
Бюро органлари аралашуви билан 413 нафар ишсиз алимент тўловчилар ишга жойлаштирилган ва 1359 та оилалар яраштирилган. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган 281 нафар шахсларнинг маъмурий ва 15 нафар шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган. Ижро ҳаракатлари жараёнида Бюро органларидан яширинган 424 нафар шахсларга нисбатан қидирув тадбирлари амалга оширилиб, 135 нафари топилган ва жавобгарлик масаласи ҳал қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги 427-сонли “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори талабларига кўра ундирувчиларга етказилган 179 миллион сўмлик зарарлар алимент тўловлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилган.
Анжуманда асосий эътибор давлат манфаатларини кўзлаб чиқарилган мажбурий ундирув билан боғлиқ қарорлар ижросини таъминлашга, давлатга етказилган зарарларни, шу жумладан солиқ қарздорлигини, давлат божи, маъмурий ва жиноий жарималарни ундириш, жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар ундирувларини таъминлаш йўналишига қаратиб келинаётгани алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжумани иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА