Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул тузилмаси ходимларининг малакасини оишириш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
ижро интизомига масъул ходимларнинг малакасини ошириш назарий ва амалий машғулот шаклида амалга оширилади;
назарий машғулотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида, амалий машғулотлар эса Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва ижро интизоми намунали давлат органида ташкил этилади;
малака оширишнинг умумий муддати 40 соатни, шу жумладан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида 24 соат назарий машғулотни ташкил этади;
2026 йилда ижро интизомига масъул ходимларнинг малакасини ошириш жорий йилнинг апрель ойидан бошланади;
ижро интизомига масъул ходимларнинг маълумотлар базаси Адлия вазирлиги томонидан шакллантирилади ва юритилади;
малака ошириш натижалари бўйича белгиланган тартибда сертификат берилади;
ходимларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар уларни малака оширишга юборган ташкилотнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қарор билан:
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ижро интизомига масъул тузилмаси ходимларининг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ижро интизомига масъул тузилмаси ходимлари малакасини оширишнинг намунавий графиги тасдиқланди.
Давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ ходимларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўриши белгиланган.
Мазкур Низом Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сон Фармонига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ижро интизомига масъул тузилмаси ходимларининг малакасини Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва ижро интизоми намунали давлат органида ошириш тартибини белгилайди.
Ижро интизомига масъул ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишдан мақсад ходимларнинг ижро интизомини ташкил қилиш, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг фармойишлари ва топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишдаги назарий ҳамда амалий билимлари, касбий маҳорат ва кўникмаларини шакллантириш ҳамда мунтазам ривожлантириб боришни самарали ташкил этишдан иборат.
Қуйидагилар ижро интизомига масъул ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни ўқитиш бўйича асосий вазифалар ҳисобланади:
ижро интизоми бўлинмасининг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида аниқ тушунчаларни шакллантириш;
ижро интизоми бўлинмаси ходимларининг ижро интизомини таъминлашдаги назарий билимлари ва амалий кўникмаларини ошириш;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг ташкилий-ҳудудий масалалари бўйича таҳлилий кўникмаларни шакллантириш ва касбий тайёргарликнинг бажариладиган вазифалар ва функцияларга мувофиқлигини таъминлаш;
ижро интизомига риоя қилиниши устидан тизимли кунлик назорат ва мониторингни амалга ошириш, ижро интизомида юзага келган муаммоларни бартараф этишда ходимларга амалий ёрдам кўрсатиш, ходимлар учун тизимли равишда ўқув семинарлари ҳамда машғулотларни ташкил этиш кўникмаларини шакллантириш.
ЎзА