Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида “Ижро интизоми – самарадорлик омили” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Мазкур семинар Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ташкил этилди.
Семинарда республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари ва ижро интизомига масъул ходимлари (200 га яқин) бевосита, видеоконференцалоқа тизими орқали 800 дан ортиқ ходим иштирок этди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари билан давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш, ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар раҳбарлари учун ўқув-амалий семинарлар ташкил этиш ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил этиш борасидаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Шунга кўра, вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ва мутахассисларининг билим ва тажрибасини мунтазам ошириб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлигининг тегишли бошқармаларида стажировка ўташ амалиёти жорий этилди.
Ўтган йилнинг март ойидан бошлаб Юристлар малакасини ошириш марказида давлат органлари ва ташкилотларининг ижро назорати бўлинмалари ходимларини ўқитиш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Президентимиз ижро интизоми йўналишида мустаҳкам тизим яратиш, тартиб ўрнатиш, темир интизомни жойига қўйиш, раҳбарлар ва ходимларнинг дунёқарашини ўзгартиришни асосий вазифа сифатида белгилаб берган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур топшириқ ижросини бажариш билан боғлиқ масалалар танқидий таҳлил қилиб борилмоқда.
Топшириқларнинг ижроси фақатгина “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотлар асосида эмас, балки бевосита жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш, манзилли ва тематик ўрганишлар орқали ҳам назорат қилиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 400 га яқин топшириқнинг ижро ҳолати ҳудудий адлия органлари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда мониторинг қилинди.
Таҳлил натижалари бўйича камчиликлар ҳақида маърузаларда батафсил тўхталиб ўтилди. Тадбир якунида ижро интизомини таъминлашдаги тизимли муаммолар бевосита ижрочилар билан муҳокама қилинди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА