Аҳоли розилиги, маҳалла ободлиги ва ижро интизоми давлат бошқарувида бир-бири билан узвий боғлиқ тушунчалар.
Ана шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда куни кеча Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оқолтин туманининг Андижон маҳалласига ташриф буюриб, жойларда олиб борилаётган ишлар ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни бевосита ўрганди.

Ташриф чоғида вилоят раҳбари маҳалла аҳолиси билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Фуқаролар томонидан кундалик турмушда учраётган қийинчиликлар, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, яшаш муҳитини яхшилашга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Маҳалланинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир хонадон тақдири давлат раҳбарияти эътиборидан четда қолмаслиги лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув давомида маҳаллани ободонлаштириш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди. Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаларини барпо этиш, болалар учун замонавий ўйин майдончаларини ташкил этиш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилди.

Мазкур вазифалар бугун Оқолтин тумани ҳокимлигида туман ҳокими Ҳусниддин Сувонов раислигида бўлиб ўтган навбатдаги ҳокимлик соатида яна бир бор танқидий руҳда муҳокама қилинди. Йиғилишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, юқори ташкилотлардан келиб тушаётган топшириқларни сўзда эмас, амалда бажариш, ҳар бир масъул раҳбарнинг шахсий жавобгарлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат — бу рақам ёки ҳисобот эмас, балки инсон тақдири, унинг давлатга бўлган ишончи мезонидир. Шу боис мурожаатларни ўз вақтида, холис ва қонуний кўриб чиқиш ҳамда улар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси белгиланди.

Йиғилиш давомида 2026 йилда Оқолтин туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш доирасида режалаштирилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла мақоми берилган Аҳиллик ва Тошкент маҳаллаларида инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган лойиҳалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, Андижон маҳалласида ҳам маҳаллий бюджет ва ички имкониятлар ҳисобидан шундай ташаббусларни амалга ошириш учун ҳар бир ташкилот ва идора ўз аниқ таклифлари билан чиқиши зарурлиги қайд этилди.
Вилоят раҳбарининг ташрифи давомида аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан тегишли идора раҳбарлари зиммасига уларни кечиктирмасдан бартараф этиш, амалий чоралар кўриш, ижро ҳолатини шахсан назоратга олиш ҳамда аҳоли учун муносиб, хавфсиз ва барқарор яшаш муҳитини яратиш бўйича қатъий вазифалар юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири