Мамлакатимизда адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш — бу олий мақсадга эришишда суд ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу эзгу вазифани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Шу мақсадда Бюронинг Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимларида ҳам суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларининг адолатли ва самарали ижросини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ижро ҳужжатларини тўғри ва шаффоф ҳисобга олиш, ундирилган маблағларнинг ҳаққоний тақсимотини юритиш, шунингдек, ижро жараёнида сансалорлик ва суиистеъмол ҳолатларининг олдини олиш каби муҳим йўналишларда ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таҳлилларга кўра, бўлим иш юритувига 2025 йилнинг ўтган даврида жами 6 триллион 184 миллиард сўмлик 336 минг 725 та ижро ҳужжати келиб тушган. Шундан 3 триллион 476,1 миллиард сўмлик 185 минг 212 та ҳужжат ижроси тамомланган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 411 миллиард сўмга ёки 35 минг 541 та кўп ҳужжат ижроси тамомланиб, тугатилишига эришилди дегани.

Ушбу даврда жами 1 триллион 269,3 миллиард сўм, шу жумладан, давлат фойдасига 696 миллиард 200 миллион сўм ундирилган. Солиқ қарздорлиги бўйича эса 604,2 миллиард сўм, банклар фойдасига 337,7 миллиард сўм ундирилган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 51,4 миллиард сўм ўтказиб берилган. Шунингдек, 71,4 миллиард сўм маблағлар эса алимент ундирувчилар фойдасига ундирилган.

Ҳар бир ходимимиз зиммасига юклатилган асосий вазифа — бу келиб тушаётган ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли ижро этишдир, — дейди бюронинг вилоят бошқармаси бошлиғи Азамат Холмуродов. — Шу билан бирга, фаолиятимизда асосий эътибор давлат ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга, адолат ва қонун устуворлигини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида бюро органлари томонидан вилоятда жисмоний ва юридик шахсларнинг 5 минг 606 та мурожаати ҳал этилиб, шулардан 1 минг 810 таси қаноатлантирилди ва 3 минг 796 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Бу борадаги ишлар мунтазам ва изчил давом этмоқда.

Қонунчиликда ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. Бюронинг қуйи бўлимлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмаларни буздиришга доир ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар қилинмоқда.
Туман ва шаҳар бўлимларимиз иш юритувида бўлган жами 3 минг 366 та ноқонуний қурилмани буздириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг бир ярим мингга яқини ўтган тўққиз ой давомида тамомланди, — дейди Бюронинг вилоят бошқармаси инспектори Жамшид Аширов.— Мисол учун, бюронинг Урганч шаҳар бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатларидан 275 таси, Урганч туман бўлими иш юритувидаги 261 та ижро ҳужжатлари ижроси таъминланиб, амалда якунланди.
Маълумки, мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва аҳолининг фаровонлигини оширишда тадбиркорлик фаолиятининг ўрни беқиёс. Шу мақсадда бугунги кунда тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга турли йўналишлардаги мақсадли кредитлар ажратилиб, янги иш ўринлари яратиш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шу билан бирга, тижорат банклари фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса молиявий интизомни мустаҳкамлаш, кредит ресурсларининг самарали айланишини таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётир.
Ҳудудий бошқармада фаолият кўрсатиб келаётган алоҳида муҳим ижро ишларини бажариш шуъбаси инспекторлари томонидан 100 миллион сўмдан юқори бўлган банк ундируви билан боғлиқ ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ундирув тадбирлари олиб борилмоқда.
—Ҳозир тижорат банклари фойдасига кредит қарзини ундириш билан боғлиқ 1 триллион 784 миллиард сўмлик 2 минг 254 та ижро ҳужжати шуъбамиз иш юритувига олинган, —дейди Бюронинг вилоят бошқармаси катта инспектори Зафар Мухторов. —Жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 735 миллиард сўмлик 882 та ижро ҳужжати қонуннинг тегишли моддаларига асосан тамомланган бўлиб, 255 миллиард сўм пул маблағлари тижорат банклари фойдасига ўтказиб берилиши таъминланди. Шунингдек, 465 миллиард сўмлик гаров мулклари хатланиб, 326 миллиард сўмлик гаров мулклари реализация қилиш учун аукцион савдоларига сотувга чиқарилди.
Бугунги кунда бюронинг бўлим давлат ижрочилари нафақат суд, шунингдек, ваколатли органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тизимли чоралар кўришмоқда. Мисол учун, Шовот туманида жойлашган "Fatma sultan" масъулияти чекланаган жамиятидан давлат фойдасига 100 миллион сўмга яқин миқдордаги солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ижро иши юзасидан Бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида солиқ органлари иштирокида қарздорга тегишли бино иншоотлари хатлаб қўйилди.
Жойларда олиб борилаётган тарғибот ва тадбирлар давомида ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор фуқаро А.Б. дан ундирувчи Ш.Б. нинг фойдасига улар бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Шовот туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси томонидан қарздордан шу кунга қадар бўлган алимент ва қўшимча таъминот пуллари ҳам ундириб берилган. Бироқ, Бюронинг Шовот туман бўлими давлат ижрочиси Дилшод Матсафоев томнидан А.Б. ва Ш.Б. билан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида томонлар ўзаро ярашиш нияти борлигини билдиришган. Бундай вазиятда давлат ижрочиси Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 40-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан иш тутди.
Маълумки, мамлакатимизда кейинги йилларда замон талабидан келиб чиқиб, ҳар бир соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бу жараён Мажбурий ижро бюроси органларини ҳам қамраб олган ва бу босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу борада муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам чиққан. Шу сабабдан вилоятда бюро органларида рақамлаштириш соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий электрон хизматлар жорий этилмоқда.
Коррупция жамият кушандаси. Бюронинг ёш мутахассислари, уларнинг ота-оналари, бошқарма таркибий тармоқлари ва туман (шаҳар) бўлимларининг раҳбар ва ходимлари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш мавзусидаги йиғилишлар ҳам мунтазам ўтказилмоқда.
Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда ҳар бир қарор, ҳар бир адолатли ҳукм ўз вақтида ижро этилиши шарт. Албатта, бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш муҳимдир.
Бир сўз билан айтганда, Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари томонидан олиб борилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад суд ва бошқа орган лар қарорларини ижро этиб, пировардида одил судловга эришишдир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари