Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатилади
10:24 / 2025-12-19

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов фармоннинг аҳамияти ва муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:  

– Президентимизнинг мазкур фармони конституциявий қадриятларни мустаҳкамлаш, Конституциявий суд фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини кучайтиришга қаратилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан қатъий бораётган Янги Ўзбекистон учун Конституциянинг ҳаётдаги ўрни ва амалдаги таъсири ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Конституция фақат давлат тузилиши ва ҳокимият ваколатларини белгилаб берувчи асосий қонун эмас, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг энг олий кафолатидир. Шу маънода, Конституция устунлигини таъминлаш механизми бўлган конституциявий назорат институтининг самарали фаолият юритиши ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.  

Унинг мазмун-моҳияти, аввало, Конституциявий судни фуқаролар ва юридик шахслар учун ҳақиқий ҳимоя воситасига айлантириш ғояси билан узвий боғлиқ. Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор мақсадлар Конституциявий суд фаолиятини янада халқчил, очиқ ва самарали қилишни кўзда тутади. Хусусан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашга хизмат қилувчи механизмларни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу ёндашув Конституцияни мавҳум нормалар йиғиндиси эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида амал қиладиган, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини реал ҳимоя қиладиган ҳужжат сифатида намоён этади.

Фармонда алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири — Конституциявий судга мурожаат қилиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишдир. Амалиётда кўп ҳолларда фуқаролар ҳуқуқий мураккабликлар, ваколатлар чегараси ёки расмий тартиблар сабабли ўз мурожаатини охиригача етказа олмас эди. Янги ёндашув эса мурожаат қилган шахснинг оворагарчилигини камайтириш, унинг ҳуқуқий муаммоси эътибордан четда қолмаслигини таъминлашга қаратилган. Шу орқали давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳуқуқий мулоқот сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилади.

Фармон Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш орқали ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатишни ҳам назарда тутади. Бу жиҳат ҳуқуқий давлат назарияси нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ҳокимият тармоқлари ўртасида мувозанат ва ўзаро тийиб туриш механизми самарали ишлагандагина Конституция устунлиги таъминланади.

Унда белгиланган нормалар Конституциявий суд қарорларининг фақат тавсиявий эмас, балки аниқ ҳуқуқий оқибатларга эга бўлишини таъминлайди. Жумладан, муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонун Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган тақдирда, ушбу иш бўйича суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш имкониятининг яратилиши инсон ҳуқуқларини тиклашда муҳим қадамдир. Бу ҳолат Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишини таъминлайди.

Шунингдек, судлар ташаббуси билан Конституциявий судга мурожаат киритилган тақдирда иш юритувини тўхтатиш механизмини жорий этиш қонунларни қўллашда ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади. Бу амалиёт орқали турли судлар томонидан бир хил ҳуқуқий нормаларнинг турлича талқин қилинишининг олди олинади, суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади. Натижада Конституция нормалари асосида Конституциявий суд бутун суд тизими учун ҳуқуқий йўл-йўриқ берувчи марказий институт сифатида янада мустаҳкамланади.

Конституциявий шикоят институтини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур институт фуқароларнинг Конституция билан тўғридан-тўғри ҳимояланишини таъминловчи муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Янги тартибга кўра, Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан юборилган мурожаат тегишли ваколатли субъектга йўналтирилади. Агар мурожаатда кўтарилган масала Конституциявий судга киритилмаган бўлса, фуқаро ёки юридик шахсга асосли ҳуқуқий тушунтириш берилиши назарда тутилган. Бу ёндашув давлат органларининг фуқаро олдида ҳисобдорлигини оширади ҳамда ҳар бир мурожаатга бефарқ қаралмаслигини таъминлайди.

Фармоннинг энг муҳим ва замонавий йўналишларидан бири – Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштиришдир. Рақамли технологияларни жорий этиш орқали суд фаолиятида шаффофлик, очиқлик ва самарадорликни ошириш мақсад қилинган. 2026-2027 йилларга мўлжалланган дастур доирасида электрон мурожаат, онлайн кузатув, видеоконференцалоқа, интерактив хизматлар, суд мажлисларини жонли эфирда узатиш каби имкониятлар яратилади. “E-KSUD” ахборот тизимининг жорий этилиши Конституциявий судни жамиятга янада яқинлаштирувчи, очиқ ва замонавий институтга айлантиради.

Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус шарт-шароитларнинг яратилиши инсон қадр-қимматини улуғлаш ва тенг имкониятлар тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига содиқлигини яққол намоён этади.

Фармонда, шунингдек, Конституциявий суд фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган чоралар ҳам назарда тутилган. Қўшимча штат бирликларининг ажратилиши, меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартларининг судьялар мақомига яқинлаштирилиши Конституциявий суд мустақиллигининг институционал кафолатларини кучайтиради. Бу чоралар суд аппаратида юқори малакали кадрларни жалб қилиш, қарорларнинг сифати ва асосланганлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Умуман олганда, мазкур фармон Конституциявий судни фуқаролар ҳуқуқларининг ҳақиқий ҳимоячиси, давлат ҳокимияти органлари устидан таъсирчан конституциявий назоратни амалга оширувчи,  очиқ, шаффоф ҳамда замонавий суд институти сифатида янада мустаҳкамлайди.  

Бу ҳужжат “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида ҳуқуқий давлат, адолатли жамият ва инсон қадрини улуғлаш ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этиб, мамлакатда конституциявий маданиятни шакллантириш ва мустаҳкамлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.  

Н.Абдураимова, ЎзА