English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижоднинг қўш қаноти (+видео)
20:37 / 2023-07-17

“Алп Жамол кўзи ўткир, оддий одам кўрса ҳам парво қилмайдиган нарсаларни кўра оларди. Умри одамлар орасида кечгани учун бўлса керак, асарларида хилма-хил қиёфаларни кўрамиз...”

Ҳа, Ўзбекистон Қаҳрамони, ёзувчи Саид Аҳмад Алп Жамол ҳақида ушбу фикрларини билдирганида ҳақ эди. Сабаби Алп Жамолнинг адабиётдаги ёзиш услуби, қаҳрамонлар характерига юмористик ёндошуви ўзига хос эди. У драматург сифатида, миниатюралар устаси сифатида элга танилди.  

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта мажлислар залида таниқли адиб Алп Жамол таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча ҳамда муаллифнинг “Меҳрибонлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда шоир ва ёзувчилар, элимиз суйган санъат усталари, театр ва кино актёрлар, шунингдек, хориждан ташриф буюрган меҳмонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.  

– Алп Жамол исмини эшитмаган, унинг асарлари асосида тасвирга олинган миниатюраларни кўрмаган ва мириқиб кулмаган одам мамлакатимизда топилмаса керак, – дейди таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. – Нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам адиб яратган асарларнинг мухлислари беҳисоб.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IA6FiD9nYLE" title="Ижоднинг қўш қаноти" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Алп Жамол тахаллуси билан ижод қилиб миллионлаб юракларни забт эта олган Жамолиддин Асомиддинов умри давомида 200 дан ортиқ интермедиялар ёзган бўлиб, “Телевизион миниатюралар театри”, “Оталар сўзи - ақлнинг кўзи” каби ўлмас, халқнинг қалб мулкига айланган, ҳали ҳам давом этиб келаётган кўрсатувларнинг асосчиларидан бири эди.

Ўзбек ҳажв устасининг “Тоштешар”, “Жафога вафо”, “Кувғин”, “Тўйдаги тутун”, “Ғиз-ғизон” каби драматик асарлари вилоят ва пойтахт театрларида саҳналаштирилган. Ҳам ёзувчи сифатида, ҳам драматург сифатида салмоқли асарлари орқали ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшди. Адиб асарларидан иборат “Меҳрибонлар” тўпламини, ундаги замондошларининг хотираларини ўқир экансиз, ҳаётда юз бераётган, юз бериши мумкин бўлган ғайриахлоқий ҳодисаларга, одамлар, айниқса, ёшлар характеридаги камчилик ва нуқсонларга бефарқ бўлмаган, уларни ўзининг журъатли қаламидан тўкилаётган ҳажвий асарларида қиёмига етказиб ифодалаган ижодкорнинг мураккаб ҳаёт йўли, дунёқараши кўз ўнгингизда яққол намоён бўлади.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Алп Жамол ижодининг аҳамияти ва таъсирчанлиги ҳақида эслашар экан, телеминиатюра деб номланувчи митти спектакллар, ҳажвиялар вақт сарҳадларидан ошиб, бугунги кунимизга – миллий-маънавий тарбия ишига ҳам хизмат қилмоқда, дея таъкидлашди. Хотира тадбири якунида йиғилганларга “Меҳрибонлар” китоби улашилди.

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА