Ўтганларни хотирлаш, уларнинг эзгу ишларини ёдга олиш хайрлидир.
Сирдарёнинг Сардоба туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби залида истеъдодли шоир, халқ таълими фахрийси, марҳум Мирза Қайнаровнинг хотира кечаси бўлиб ўтди. Маънавий-маданий тадбирда шоирнинг ибратли ҳаёт йўли, ижоди, инсоний фазилатлари эътироф этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бойжигит Абдуллаев М.Қайнаровнинг вилоят ижодкорлари орасидаги ўрни, ижоди ва фаолияти ҳақида гапирди. Сардоба тумани ҳокими Акмал Мирзаев туман аҳли шундай истеъдодли ижодкор билан фахрланишини таъкидлар экан, Мирза Қайнаровнинг қўшиққа айланган шеъри – элимиз суйган хонанда марҳум Охунжон Мадалиев куйлаган қўшиқ матнидан парчани ёддан айтиб берди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев шоирнинг ижоди, айниқса, унинг аруз вазнида ёзган ғазаллари, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий ғазалларига ёзган назиралари хусусида тўхталар экан, шоирнинг иккинчи умри солиҳ фарзандлари, ёзган китобларида давом этаётганини таъкидлади.
–Муборак Рамазон арафасида эл хизматида бўлган инсонларни, қадрдон дўстларни хотирлаш, уларнинг яхши фазилатларини эслашнинг савоби катта. Мирза Қайнаров камтар ва самимий инсон, моҳир педагог, истеъдодли шоир сифатида ҳам Сардобанинг фахри эди. Ҳамиша ҳамма жойда у кишининг ўз ўрни, ҳурмати, айтар сўзи борлигига кўп бора гувоҳ бўлганмиз, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Отабек Эгамбердиев.
Шунингдек, меҳнат фахрийлари Абдуғаффор Шукуров, Сойибназар Абсатов ва бошқалар ҳам шоир билан боғлиқ хотираларни ёдга олди. М. Қайнаровнинг набиралари боболарининг шеърларини ёддан ўқиди.
Туман маданият бўлими ва мусиқа мактаби йигит-қизлари ижросидаги саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақслар адабий кечага кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбир иштирокчилари Мирза Қайнаров хонадонида ҳам бўлди. Меҳмон ва мезбонлар шоир хотирасига оид қизиқарли воқеалардан сўзлашди. М.Қайнаровнинг умр йўлдоши, меҳнат фахрийси, кўп йиллар мактабда француз тилидан дарс берган Насиба ая Қайнарова оила бошлиғининг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, берган ўгитларини ёдга олди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири