Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Миллий гвардияси билан ҳамкорликда аскар ва курсантлар учун чоп этилган “Мард аскарга совға” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашда миллий адабиётимизнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ёшларимизни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Ҳарбийлик либоси мардлик, садоқат, Ватан хизматига доим шай бўлган ўғлонлар либосидир. Жаҳонгир бобомиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби аждодларимиз жасорати ҳақида сўзловчи асарлар ёшлар қалбига чексиз ғурур бағишлайди. Бугун тақдимоти ўтказилаётган китоблар ҳам ҳарбий ўғлонларимиз ёнларида олиб юриши учун мўъжаз шаклда тайёрланган. Сўзда улкан куч-қудрат бор. У ҳар қандай инсонни енгилмас кучга, метин ирода, жасорат рамзига айлантиради. Бу китобларнинг ҳар бир сатрида ана шундай куч, қувват, қудрат, руҳ бор.
Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 декабрдаги тегишли фармойишида белгиланган вазифалар юзасидан ушбу китоблар тақдимоти ўтказилаётгани таъкидланди.
Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳарбий хизматчилар учун “Мард аскарга совға” рукнида етти номдаги китоб нашрга тайёрланди. Улардан бештаси шеърий ва 2 таси насрий китобдир. Ушбу тўплам жами 10 минг нусхада чоп этилиб, ҳарбий қисмлар ва таълим масканларига етказилган.
Китоблар ўзбек миллий адабиёти вакилларининг ижод намуналарини ўзида жамлаган бўлиб, шеър ва ҳикояларда ватанпарварлик, бурчга садоқат, инсонлик шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш каби ғоялар етакчилик қилади.
Туркумда адибларимизнинг она-Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат, фидойилик каби ғоялар тараннум этилган энг сара ҳикоялар, шеърлар ва достонларидан парчалар, шу мазмундаги машҳур қўшиқларнинг матнлари жамланган.
“Мард аскарга совға” туркумида чоп этилган китоблар “Бобомерос туйғу” (ҳикоялар), “Аскар онаси” (ҳикоялар), “Олимпиада илҳомлари”(шеърлар), “Ота макон” (шеърлар), “Ватанни ҳар кимга ишониб бўлмас” (шеърлар), “Меҳринг билан яшаймиз, Ватан!” (шеърлар), “Эр йигит юртидан кечмайди” (шеърлар) кабилардир.
Тўпламни жамлашда ёшлар ижодига ҳам катта эътибор берилган. Тақдимот тадбирида йиғилганларга “Мард аскарга совға” туркум китоблари ҳадя этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири