Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкорлар “Яшил макон” лойиҳасида қатнашди
09:57 / 2024-04-08

Шу кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида ниҳоллар экилиб, боғлар барпо этилмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан мазкур долзарб лойиҳада иштирок этиш учун бир гуруҳ маънавият намоёндалари – олимлар, шоиру ёзувчилар, санъаткорлар Сирдарё вилоятининг  Сайхунобод туманига ташриф буюрди.  

Сайхунободликлар билан учрашувларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов  ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташаббуси халқимизни эзгуликка даъват этаётганини таъкидлаб, ижод ва санъат аҳлининг бундай ғояларни омма орасида янада кенг тарғиб қилиши лозимлиги ҳақида гапирди.

– Юртбошимизнинг 2021 йилнинг 23 ноябридаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеалардан бири бўлиб қолди, десам адашмаган бўламан, – деди Сирдарё вилояти ҳокими А.Маҳмудалиев. – Бу эзгу ташаббус бугун мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларига, маҳаллаларига кириб борди. Жорий йилнинг 14 март куни Президентимизнинг вилоятимизга  ташрифидан сўнг ушбу лойиҳа янада кенг қулоч ёйиб, унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолимиз фаол иштирок этмоқда. Шу кунгача сирдарёликлар заминга 7 миллион 564 минг дона манзарали ва мевали кўчат қадади. Республикамизнинг таниқли ижод намоёндалари ташрифи Сайхунбод аҳолисига янада кўтаринки кайфият бағишлади. Барча ижод аҳлига вилоят халқи номидан ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.

Ижод ва санъат аҳлининг ниҳол экиш тадбири байрамга айланиб кетди. Вилоят санъат усталари, фольклор-этнографик халқ дасталарининг чиқишлари, шоирлар томонидан ўқилган дилбар шеърлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Ижод аҳли “Маърифат боғи” ҳудудида 200 дан зиёд манзарали ва мевали кўчат ўтқазди.

–Кўчатларни ўзгача меҳр билан экдик, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, адиб Қўчқор Норқобил. –“Маърифат боғи”нинг барпо этилиши ҳақиқий адабиёт ва санъат байрамига айланиб кетди.

Ижодкорлар туманнинг “Иттифоқ” МФЙ ҳудудидаги 3 гектардан зиёд майдонда “Ҳарбийлар ва ёшлар” боғини барпо этаётган аскарлар ҳузурида ҳам бўлишди. Таниш, қадрдон чеҳралар билан бўлган мулоқотлар аскар йигитлар хотирасида узоқ йиллар сақланиб қолади.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири