Жиззах вилоятида фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида навбатдаги спорт мусобақаси ташкил этилди. Унда журналистлар камондан отиш бўйича ўзаро беллашдилар. Мусобақа Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилди.
Тадбир аввалида қатнашчиларга мазкур спорт тури ҳақида амалий маълумотлар берилди. Улар камондан отишдаги асосий услублар ва белгиланган масофадаги нишонга тўғри ва аниқ уриниш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлишди. Айтиш жоизки, бугунги кунда Жиззах вилоятида камондан отиш билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сони 350 нафарга яқинлашган. Ҳудудларда ташкил этилган 25 та махсус секцияда 8 нафар сертификатли мураббий доимий машғулотлар олиб бориб, спортчиларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.

Мусобақа давомида ҳар бир иштирокчига 18 метр узоқликдаги нишонга отиш учун уч марта имконият берилди. Уринишлар якунлари бўйича тўпланган жами баллар асосида ғолиблар аниқланди. Беллашувда кучли тайёргарлик ва диққат талаб этилган бўлса-да, умумий муҳит дўстона ва ижобий руҳда кечди.

– Бундай мусобақалар журналистлар ўртасида нафақат спортга қизиқишни оширади, балки ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди, – дейди Жиззах вилояти телерадиоканали ДМ радио бўлим муҳаррири Латофат Муродова. – Ғалаба асосий мақсад эмас, балки фаолиятдан ташқаридаги вақтни мазмунли ўтказиш ва соҳа вакиллари ўртасидаги аҳилликка ҳисса қўшиш муҳимроқ.


Журналистлар ўртасида спорт тадбирларининг ташкил этилиши уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, руҳий тикланишини таъминлаш ҳамда ижтимоий ва касбий муҳитда янада самарали фаолият юритишларига кенг имкониятлар яратади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари