Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санаси арафасида Нурафшон шаҳрида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловининг Тошкент вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танлов “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғоясини ўзида мужассам этди. Вилоятда ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, тасвирий ва кино санъати намояндалари, фото ва дизайн усталари талайгина.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси республика бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Раҳматилла Шералиев, таҳририятлар бош муҳаррирлари, фахрий журналистлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Танловнинг вилоят босқичида ҳакамлар ҳайъати томонидан 80 нафар иштирокчининг 500 га яқин ижодий ишлари ўрганиб чиқилди. Танловда ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари йўналиши бўйича “Машъал” газетаси бўлим мудири Маъмур Бозор Али “Юрт соғинчи” насрий китоби учун 1-ўринга муносиб кўрилди. Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари йўналишида Зангиота тумани “Истиқбол” газетаси бош муҳаррири Дилбар Шариповага насиб этди.
Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари йўналишида Ўз МТРК “Toshkent viloyati teleradiokanali” давлат муассасаси телегуруҳининг махсус мухбири Дилдора Ҳайиталиева ғолиб бўлди. Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари йўналишида Умар Зокировнинг ижодий ишлари юқори баҳоланди.
Ғолиб ва совриндорлар вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
А.Мусаев, ЎзА.