Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкорлар Бухорода
13:18 / 2025-12-16

Қирғиз Республикаси Олой мусиқали драма театри ижодий жамоаси Бухоро вилоятида ижодий сафарда бўлди. Меҳмонлар атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асари асосидаги “Севимли соҳилим менинг” спектаклининг тақдимотини ўтказди.

Спектакль намойишида ижодкор-зиёлилар, Бухоро шаҳрида малака ошираётган ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, курсантлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

– Қирғизистон маданият арбоби Жумабек Осмонов томонидан саҳналаштирилган мазкур асар очиқ денгизда қолиб кетган инсонларнинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади, – дейди вилоят мусиқали драма театри адабий бўлими мудири Моҳигул Назарова. – Инсон иродасининг кучи, келажакка ва яхши кунларга ишонч туйғусини ўзида акс этган асар бухоролик томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

– Спектакль бизга жуда манзур бўлди. Туманлардан келиб марказимизда таълим олаётган устоз-муаллимлар спектакль томоша қилиш билан бирга, маданий ҳордиқ чиқаришганидан хурсанд бўлишди. Бугунги тақдимот барчамиз севиб ўқиган асарнинг саҳнавий талқини эканлиги билан ҳам аҳамиятли, – дейди ўқитувчилар жамоаси раҳбари Гулнора Муқимова.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бевосита кўмагида амалга оширилган бу каби халқаро тадбирлар мамлакатимизда театр санъатининг янада ривожланишига, икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.