Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Кармана туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабида ижодкор ва журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Кечада Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов ўқувчи-ёшларга журналистлар фаолияти, юртимиз матбуоти тарихи ва бугуни, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот ва тушунчалар берди.

Шунингдек, учрашувда шоир Нурилло Очилов, журналист Жамолиддин Ҳотамийлар Бош қомусимизда ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида белгиланганлиги, шу боисдан ҳар бир ёш давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиши лозимлигини таъкидлаб, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга қаратилаётган тадбирлар, ватанга муҳаббат, она юртга садоқат, бурч ва масъулият ҳақида тўхталиб, барча касбларни мукаммал эгаллашда китобнинг алоҳида ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

– Мактабимизда вилоятимизда кўзга кўринган ижодкорлар билан самимий учрашув ташкил этилиши ёшларимизнинг адабиётга, китобхонликка бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди, –дейди Кармана туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Маҳбуба Жалилова. – Келгусида ҳам бу каби учрашув ва ижодий кечаларни ташкил этиб, ўқувчиларимизнинг маънавиятини, адабиётга меҳрини юксалтиришга ҳаракат қиламиз. Ижодий кечада қатор китоблар муаллифи устоз журналист Нурулло Очилов ватан мустақиллиги, юрт осойишталиги ва тинчликни, инсоний туйғуларни, ёшларни одоб-ахлоққа етакловчи шеърларидан ўқиб берди. Бу ҳам ўқувчиларимизда китобга, шеъриятга бўлган меҳрини янада оширишга хизмат қилади деб ўйлайман.

Ижодий таассуротларга бой бўлган тадбир давомида мактабдаги ижодкор ёшлар ҳам ўзлари ёзган шеърларидан ўқиб беришди ва қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
Тадбир якунида ижодкорлар томонидан мактаб кутубхонасига китоблар жамланмаси совға қилинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари