Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкорга эҳтиром
17:51 / 2025-12-12

Адабиёт майдонига ҳар ким ҳам қадам қўёлмайди. Қўйганда ҳам фақат муносиблар бу майдонда қолади. Эгри қадамлар эса ўз-ўзидан соф ва муқаддас адабиёт саҳнидан оёқлари кесилгандай тушиб қолади.

Куни кеча ана шундай чин адабиёт вакилига эҳтиром кўрсатилди. Ботиржон Эргашев узоқ йиллардан бери ўзининг бетакрор ва самимий шеърлари билан миллатимиз қалбидан жой олиб улгурган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ботиржон Эргашев бугун табаррук 50 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги кино саройида шоирнинг “Уйғон ўғлим” деб номланган ижодий кечаси ўтказилди.  

Унда шоир шеърларини куйга солган элимиз суйган санъаткорлар, адабиёт вакиллари ва шоирнинг мухлислари иштирок этди. Йиғилганлар кўтаринки куй-қўшиқлар, шеърлар ва самимий табрик сўзларига гувоҳ бўлишди.

–Биз Ботиржон билан узоқ йиллардан бери тун-у кун елкама-елка ижод қилиб келмоқдамиз. У билан қилган барча ижодий маҳсулимиз сиз азизлар қалбидан жой олган, – дейди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. –Хонанданинг овози қанчалик ёқимли бўлмасин, у айтаётган сўз чин бўлмаса, бундай қўшиқ ўз мухлисларини топмайди. Шоир Ботир Эргашев ана шундай ҳақиқий туйғуларни битадиганлардан.

Дарҳақиқат, шеъриятни мусиқадан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Яхши шеърлар доимо яхши қўшиқларга айланиб, халқнинг маънавий мулкидан жой олган.  

Шоирнинг яна бир ижодий ҳамкори Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров шундай дейди:

–Ҳар бир шоир ва ҳар бир ҳофизнинг бир шоҳ асари бўлади. Озодбек Назарбеков билан куйланган шукрона қўшиғимиз ҳам бизнинг, ҳам Ботиржоннинг шоҳ асари десам, хато бўлмайди. Яхши шоирлар доим мусиқага ошно яшайди. Зеро, Навоий ҳазрат ҳам соз чалганлар. Ботиржоннинг соз чалиши ва ёкимли овози борлиги кўпчиликка сир.

Бундан ташқари яна кўплаб устоз санъаткорлар, истеъдодли ёш ижрочилар, халқ артистлари шоирга дил изҳорларини билдиришди.

Шунингдек, кеча қаҳрамонига Маданият вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шоир мухлисларига ўз шеърларидан намуналар ўқиб берди. Дастур сўнгида маданият вазири Озодбек Назарбеков яна бир бор шоир ижодига зафарлар тилаб, томошабинларга ўз қўшиқлари билан юқори кайфият улашди.

Кўнгил кишисини шубҳасиз биргина эътибор шод этади. Айниқса, ижодкорлар бундай эҳтиромдан янада илҳомланиши аниқ.

Шербек Исломов, ЎзА