Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкор ёшлар “Заковат”да қатнашди
21:45 / 2023-11-21

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Адабиёт майдонида” – Заковат ўйини интеллектуал беллашувининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорлар ўртасида “Адабиёт майдонида” номли Заковат ўйинларини мунтазам ўтказиб боришни режалаштирган.

[gallery-14701]

Шу муносабат билан уюшмада мазкур интеллектуал ўйиннинг биринчи тур иккинчи беллашуви бўлиб ўтди. Унда қўлланилган барча саволлар жаҳон ва ўзбек адабиётига оид асарлар, уларнинг яратувчилари, бадиий асар қаҳрамонлари, асар бош ғояси, маъно-мазмуни, мавзулар мундарижаси, сюжети каби жиҳатлар доирасида тузилди.

– Мазкур интеллектуал беллашув адабий, бадиий асарларни кенгроқ тарғиб этишдек мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Анвар Эшназаров. – Шу билан бирга ушбу лойиҳа ижодкор ёшларни бирлаштириш, уларни кенг жамоатчиликка танитишда ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Аввалги босқичда бизнинг “Ниҳол” жамоамиз ғолибликни қўлга киритган эди. Ҳозир ҳам шундай мақсад билан беллашувга киришдик.

Мазкур беллашувда эркин жамоалар билан бирга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёш китобхонлари жамоалари ўз билимларини синовдан ўтказди.  

 

Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА