Ижодкор ёшларнинг севимли устози
Бизга илм, таълим-тарбия бергувчи муаллимнинг сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган десак, асло муболаға бўлмайди.
Бизга илм, таълим-тарбия бергувчи муаллимнинг сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган десак, асло муболаға бўлмайди.
Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун сидқидилдан меҳнат қилаётган Шоҳистахон Нурматованинг сийратида ҳам юқоридаги каби фазилатларни яққол кўриш мумкин.
Шоҳистахон Нурматова 1993 йили Андижон давлат университетининг она тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, педагоглик фаолиятини Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида бошлади. Кейинроқ 7-умумтаълим мактабига ишга ўтди. Ижодкорлиги, ўз ишига масъулият билан ёндашиши, ташаббускор ва ташкилотчилиги боис, аввал илмий бўлим мудири, сўнг мактаб директорлигига тайинланди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан, 2017 йилда Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ижод мактаби ташкил этилди ва айнан Шоҳистахон Нурматова ижод мактабининг биринчи раҳбари этиб тайинланди.
Ўтган йиллар давомида Шоҳистахон Нурматованинг қўллаб-қувватлаши ва саъй-ҳаракатлари билан 46 нафар ўқувчисининг ижод намуналари "Умид ғунчалари" альманах тўпламига киритилган бўлса, яна 24 нафар ижодкор ўқувчининг илк шеърий тўплами нашр этилди. Мактабнинг кўплаб ўқувчилари ижодий танловлар, фан олимпиадаларининг вилоят, республика босқичларида совринли ўринларга сазовор бўлди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловида ижод мактабининг кўплаб ўқувчилари фаол иштирок этиб келади.
Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида, айниқса, ижодий маҳоратлари юксалишида унинг хизматлари катта бўлди.
Эътироф этиш керакки, Ш.Нурматова раҳбарлигида ижод мактабида ўқитишда ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга, ижодий тўгараклар машғулотларини ўзига хос тарзда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ҳам ижод мактаби жамоаси, ўқувчиларининг эришаётган ютуқлари кўлами тобора юксалиб бормоқда.
– Билимли, юксак салоҳиятли, иқтидорли ва баркамол авлодни тарбиялаш биз педагогларнинг зиммасидаги энг муҳим вазифа, – дейди Шоҳистахон Нурматова. – Ана шу вазифани бекаму кўст адо этиш учун ҳар бир муаллим энг аввало фидойи, ижодкор, ташаббускор ва самимиятли бўлиши керак. Шундагина биз ўзимиз истаган натижаларга эриша оламиз.
Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Жумладан, ёшларнинг севимли устози Шоҳиста Нурматованинг самарали фаолияти ҳам эътироф этилиб, у "Халқ таълими аълочиси", "Мустақилликнинг 25 йиллиги" ҳамда "Конституциямизнинг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари билан мукофотланди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида эса юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун у Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Соғлом турмуш" медали билан тақдирланди. Бу фидойи муаллиманинг меҳнатларига берилган муносиб баҳодир.