Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ижодкор ўқитувчи – 2022” анжумани
17:12 / 2022-09-28

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Ижодкор ўқитувчи – 2022” анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид аслида ўқитувчилик касби ижодкорлик билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.

Айниқса, адабиёт муаллимининг сабоқлари ҳар бир ижодкор юрагида бир умрга ўчмас таассурот қолдиради. Ўқувчи қалбини илк бора ҳаяжонга солган бадиий адабиёт сеҳри унинг келажакда катта ижодкор, шоир ёки ёзувчи бўлиб етишишига асос бўлади. Адабиёт муаллимларининг аксарияти мактаб қошидаги ижодий тўгаракка раҳбарлик қилади.

Ўқитувчи бошчилигида аълочи ўқувчилардан иборат тўгарак аъзолари мактаб миқёсидаги адабий-маърифий тадбирлар, мушоиралар, навоийхонлик, бобурхонлик кечалари дастури ва сценарийларини тайёрлайди. Бадиий асарлар бўйича саҳна кўринишларини ижро этади.

Ушбу анжуман Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бу йилги семинарга республика миқёсида энг кучли ижодкор педагоглар саралаб олинди.

Адабиёт муаллими истеъдодли ўқувчиларни нуфузли танловлар, олимпиадаларга тайёрлайди, уларнинг ижод намуналарини рўёбга чиқариш учун газета ва журналларга тавсия қилади.

Маълумки, барча таниқли шоирлар ва ёзувчиларнинг илк устози улар таълим-тарбия олган мактабдаги адабиёт ўқитувчиси экани айни ҳақиқат. Шунинг учун адабиёт ўқитувчиси нафақат таълим берувчи, балки ижодкор ўқитувчидир.

Мазкур анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 28 нафар ижодкор ўқитувчи иштирок этди.

– Дарс бериш билан бирга Нукусдаги газеталарда мақолаларим билан қатнашиб тураман, – деди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 34-мактабнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти ўқитувчиси Қалбека Қалжанова. – Мақолаларим ватанпарварлик, китобхонликни тарғиб этиш, она тилимиз тозалигини сақлаш каби мавзуларни қамрайди. Ижодкор ўқитувчилар анжуманида устоз журналистлар, ёзувчи ва шоирлар маҳорат сабоғидан баҳраманд бўлдик. Ижодкор ўқитувчилар билан ўзаро фикр алмашдик. Бундай маърифий мулоқот биз учун жуда фойдали бўлди.

Анжуман доирасида ижодкор ўқитувчилар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудига, Адиблар хиёбонига, Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейига саёҳат қилдилар.

Дарҳақиқат, Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур анжуман ўқитувчиларнинг ижодий маҳоратини чархлашда, ўзаро фикр ва тажриба алмашишда, юртимиз адабий жараёнларидан батафсил хабардор бўлишда муҳим аҳамият касб этди.

Анжуман ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Куннинг иккинчи ярмида ҳам шўъбаларда ўқитувчилар мавзулар доирасида фикр, тажриба алмашдилар. Шунингдек, иштирокчилар учун Ўзбекистон халқ шоирлари, халқ ёзувчилари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

Анжуман ёпилиши тантанали тарзда ўтказилиб, унда ижодкор ўқитувчиларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири