Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкор муаллифлар меҳнати қадрланса, яратилаётган асарлар сифати ошади
17:55 / 2021-03-05

Интернет орқали фотосуратларни телефонимизга кўчириб олиш, машҳур қўшиқ ёки фильмларни муаллифлар рухсатисиз томоша қилиш оддий ҳол бўлиб бормоқда.

Лекин ижод намунасидан фойдаланганда унга ҳақ тўлаш кераклиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Афсуски, йўқ.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда дунёда кўпгина ижодкорлар ўз ҳуқуқлари поймол этилишидан ва яратган асарлари ўзгалар томонидан ҳеч қандай ҳақ тўламасдан фойдаланишидан азият чекаётир...

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан Миллий матбуот марказида “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини таъминлаш масалалари” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

Агентлик масъул ходимлари, юртимизда фаолият юритувчи мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар вакиллари ҳамда адабиёт намояндалари, шоирлар иштирок этган тадбирда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси кучайган жамиятда санъат ва маданият ривожланади. Ўз навбатида, бундай жамиятда халқнинг интеллектуал салоҳияти юксалади. Муҳими, ижодкорнинг яратувчанлиги ошади.

Жаҳон тажрибасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар муҳофазасини таъминлашда мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларнинг алоҳида ўрни бор. Бундай ташкилотларнинг асосий фаолият йўналиши ўз аъзоларининг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатимизда ана шундай бешта жамоат бирлашмаси фаолият юритмоқда.

Интеллектуал мулк агентлиги ва “Ўзбекистон муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгалари” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти” жамоат бирлашмалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган.

Мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик натижасида тегишли идораларга 33 тақдимнома ҳамда 14 огоҳнома киритилди. 9 ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли туман (шаҳар) маъмурий судларига юборилди.

Шунингдек, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан биргаликда муаллифларнинг ҳақлари тўланишини таъминлаш бўйича ОАВ, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шахобчалари ҳамда ижтимоий тармоқларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан биргаликда ижодкор зиёлилар, маданият соҳаси вакиллари, ОАВ вакиллари иштирокида муаллифларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳурмат қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундай учрашувлардан мақсад юртимизда муаллифлик ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг меҳнатлари эвазига муносиб ҳақ олишини йўлга қўйиш ҳамда муаллифлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишдир.

Сайтлар ва телеканаллар фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши ўрганилганда allmovies.uz, mediabay.uz, mover.uz ва player.uz сингари энг кўп контентга эга бўлган сайтлар фаолиятида муаллифлар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, allmovies.uz ва player.uz сайтларида 60 га яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилди.

Тадбир давомида муаллифларга қалам ҳақининг тўлаб берилмаётгани қўпол қонунбузилиши саналиши, бу қўшни мамлакатларда ҳам қонун талаблари бузилиши ҳисобланиши сабабли бу каби ҳаракатлардан тийилиш лозимлиги айтиб ўтилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА