Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижодкор коиноти
19:15 / 2025-09-09

Тошкент Фотосуратлар уйида Москва шаҳридаги Халқаро Рерихлар марказининг “Ижодкор коиноти” номли кўргазмаси очилди.

Жорий йилда маданий бойликларни ҳимоя қилувчи илк халқаро ҳужжат – Рерих Пакти (“Санъат ва илм муассасалари ҳамда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш тўғрисида шартнома”) имзоланганига 90 йил тўлди. Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи ва Тошкент шаҳар рерихчилар жамияти томонидан ташкил этилган кўргазма ушбу санага бағишланди.

[gallery-25226]

Марказий Осиё тадқиқотчиси, олим ва жамоат арбоби Рерих 7 мингга  яқин рангтасвир асари муаллифи бўлиш билан бирга, маданиятни ҳимоя қилувчи биринчи халқаро ҳужжат – Рерих Пакти ташаббускоридир. Кўргазма Рерих меросининг кенг қамровини таъкидлайди.

Экспозиция 9 тематик бўлимдан иборат бўлиб, у Рерих ҳаёти ва ижодининг турли босқичларини қамраб олган. Томошабинлар эътиборига Рерихлар оилавий архивидан фотоматериаллар ҳамда Николай Рерих асарларининг репродукциялари тақдим этилган.

Кўргазмадан жой олган “Бошланиш”, “Май гимназияси”, “Куинжи устахонаси”, “Хабарчи”, “Қабила қабилага қарши қўзғалди”, “Мен Ладани учратдим…”, “Узоқ чақириқлар”, “Княз Игор”, “Снегурочка”, “Муқаддас баҳор” каби ишлар Рерих ижодининг ўзига хос қирраларини акс эттирган.

Таъкидлаш керак, тадқиқотчи рассом 1924–1928 йилларда ўтказилган “Марказий Осиё экспедицияси”да иштирок этган бўлиб, ушбу сафар давомида ижодкор томонидан 500 га яқин сурат яратилган. Шунингдек, Рерихнинг “Тонг юлдузининг нури”, “Манжур экспедицияси” лойиҳалари санъат аҳли эътирофига сазовор бўлган.

18 сентябрга қадар давом этадиган кўргазмада томошабинлар мазкур ижодий ишлар ҳақида кенг маълумот олиш ва Рерихнинг рангтасвир асарлари билан яқиндан танишиш имконига эга.

Камола Юсупова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА