Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши биносида таниқли адиб Муҳаммад Исмоилнинг “Бошимдаги тожим — онам” ҳамда “Қаторда норинг бўлса” номли янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
“Қаторда норинг бўлса” тўпламида Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Маҳмуд Тоир, Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев, Минҳожиддин Мирзо, Фарида Афрўз, Ғайрат Шоумаров, Озодбек Назарбеков каби 40 га яқин республикамизнинг таниқли адиб ва шоирлари, адабиётшунос ва жамоатчилик вакиллари ҳамда бир қатор олимларнинг Муҳаммад Исмоил ҳақида ёзган мақолалари жамланган.


“Бошимдаги тожим — онам” китобида эса она сиймоси, унинг муқаддаслиги, меҳр-оқибат ва инсоний қадриятлар ҳақидаги самимий ва таъсирчан фикрлар кенг ёритилган.
Тақдимот маросимида адабиёт ва жамоатчилик вакиллари, депутатлар, ижод аҳли ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида сўзга чиққан Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Абдушокир Абдураҳмонов, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева, вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, журналист Муҳаммадали Аҳмад ва бошқалар янги асарнинг ғоявий-бадиий аҳамияти, унинг ўқувчилар қалбига таъсир кучи ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.


Тадбирда таъкидланганидек, Муҳаммад Исмоил ижодида она образи алоҳида ўрин тутади. Адиб асарларида она нафақат меҳр-шафқат тимсоли, балки ҳаёт маъноси, инсон маънавияти ва миллий қадриятлар ифодаси сифатида талқин этилади.
Тақдимот сўнгида сўз олган Муҳаммад Исмоил мазкур адабий учрашувни ташкил этганлар ва сирдарёлик адабиёт мухлисларига. шунингдек, ўз ижодини қўллаб-қувватлаб келаётган барча устоз ва дўстларга самимий миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, она ҳақида ёзиш ҳар бир ижодкор учун ҳам масъулият, ҳам шараф бўлиб, ушбу асар ҳам айнан шу муқаддас туйғулар ифодаси сифатида дунёга келган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири