Шу кунларда мамлакатимизнинг барча театрлари санъат мухлисларига ўз эшикларини очмоқда.
Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри ўзининг 86-ижодий мавсумини атоқли адиб Қўчқор Норқобил асари асосида режиссёр Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган "Осмон ҳамма гапни эшитади" спектакли билан бошлади.

Ушбу спектакль ўтган асрнинг саксонинчи йилларида афғон урушида иштирок этиб, тақдирнинг оғир синовларига дучор бўлган инсон қисмати ҳақида ҳикоя қилади. Унинг кўргуликлари бир томон бўлса, ўз юртидаги очкўзлик, бойликка муккасидан кетиш, кўролмаслик, ҳасад, манманлик ва киборлик каби иллатлар билан тўқнашуви яна бир оғир синов экани ҳаётий мисоллар ёрдамида қизиқарли тарзда очиб берилган.

Айтиш керакки, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрининг 86-ижодий мавсуми очилишини шартли тадбир десак янглишмаган бўламиз. Сабаби театр жамоаси йил давомида, ҳатто ёзги дам олиш мавсумида ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларига ижодий сафарлар ташкил этиб, мухлисларни ўз спектакллари билан мамнун этди.
Шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган “Маънавият фестиваллари”, “Маданият карвони”, “Китоб карвони” каби маърифий лойиҳаларда театр ижодкорлари фаол иштирок этдилар. Янги мавсумда театр жамоаси мухлисларга бир қатор янги спектакллар, театрлаштирилган мусиқий дастурлар, халқимиз севиб томоша қиладиган саҳна асарларини намойиш этишни режалаштиргани эътиборга молик.
Н.Усмонова,
ЎзА